Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган кекса авлод вакиллари орасида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидан 123 ёшли Бийбихан Акимниязова ҳам бор.
Бугунги тинч-осойишта кунларда орамизда умргузаронлик қилаётган онахон 1900 йилда Чимбой туманида таваллуд топган. 1968 йилдан Тахтакўпир тумани “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб келмоқда. Дастлаб собиқ жамоа хўжалигида, иккинчи жаҳон уруши даврида ва урушдан кейинги йилларда халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев байрам арафасида онахон хонадонида бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан муборакбод этди. Унга “Шуҳрат” медалини ҳамда байрам совғаларини топширди.
Ўз навбатида онахон кекса авлод вакилларига кўрсатаётган эътибори ҳамда ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлишини тилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири