Мактаб – умрнинг энг ёрқин хотираларга бой қисми. Бугун юртимиздаги 10 минг 182 та умумтаълим мактабларида сўнгги қўнғироқ садолари остида битирувчилар қадрдон мактаблари, жонажон устозлари билан хайрлашмоқда. Жами 399 минг 499 нафар ўқувчи катта ҳаётга қадам ташламоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, умумтаълим мактабларида 399 минг 499 нафар 11-синф, 592 минг 642 нафар 9-синф ўқувчилари ҳамда мактаб масъуллари иштирокида «Илм-саодат калити!» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилди.
Тадбирда 3 миллион нафардан ортиқ ўқувчи, битирувчи синфларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўнгги қўнғироқни юқори савияда ўтказиш, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида тавсия ва намунавий сценарий ишлаб чиқилиб, барча мактабларга етказилди. Унга кўра, барча мактабларда тадбирлар соат 8:00 дан 9:00 га қадар тавсия этилган намунавий сценарий асосида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз умумтаълим мактаблари битирувчи ўғил-қизларига мурожаати (табриги) ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда намунали хулқли ва аъло баҳоларга ўқиган иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ота-оналарини «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она» каби номинациялар бўйича тақдирланди.
Қайд этиш лозимки, 2023—2024 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларида 25 минг 259 нафар ўқувчига аъло даражали шаҳодатнома берилади. Мактабнинг 14 минг 778 нафар иқтидорли битирувчиси олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланади (шундан 12620 нафари олтин ва 2158 нафари кумуш медаль).
Муҳайё Тошқораева, ЎзА