Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан энергетика объектларида электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, яқинда ҳудудлардаги подстанциялар ва трансформатор пунктларидаги контактлар ва болтли бирикмаларда пайдо бўлаётган қизишларни аниқлаш бўйича тепловизор кўриклари ҳам ўтказилди.
Унда 112 та подстанциядаги электр қурилмаларнинг 356 тасида меъёридан ортиқ қизиш ҳолати аниқланди. Энергетика объектларидаги масъул шахслар томонидан контакт бирикмалардаги қизишларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўрилмаётгани оқибатида авариявий ўчишларга, ускуналар шикастланишига ва ўз навбатида электр таъминоти бузилган истеъмолчиларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келмоқда.
Ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича маълумотномалар расмийлаштирилиб, “Ўзэнергоинспекция” томонидан тизим корхоналарига тегишли кўрсатмалар берилди ва унинг бажарилиши назоратга олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА