“100 та маҳсулот акселератори” дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
Бугунги кунда юртимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни халқаро миқёсда танитиш мақсадида йирик дастурлар йўлга қўйилмоқда.
Тошкент шаҳрида 7 апрель куни маҳаллий маҳсулотларни жаҳон бозорларига олиб чиқишга қаратилган “100 та маҳсулот акселератори” дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов, Chinastone Industrial Service Group вице-президенти Тинг Ву, Силикон водийсидаги АҚШ – Хитой Савдо палатаси президенти Мериан Чейни ва Италиянинг Zest Innovation компанияси ҳамкори Роберто Манифико каби нуфузли маърузачилар иштирок этди. Шунингдек, маросимда JINGDONG ҳамда Alibaba компанияларининг Ўзбекистондаги расмий вакиллари қатнашди.
[gallery-28616]
60 та компания томонидан 83 миллион долларлик шартномалар имзоланган “Экспорт акселератори” дастурининг муваффақиятига таянган ҳолда, ушбу янги лойиҳа миллий брендларнинг хорижда узоқ муддатли мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлайди.
Chinastone Industrial Service Group компанияси ушбу ташаббуснинг стратегик ҳамкоридир. Иштирокчиларга маҳсулот таҳлили ва халқаро сертификатлашдан тортиб, логистика ҳамда товарларни жаҳон стандартларига мослаштиришгача бўлган кенг қамровли кўмак кўрсатилади.
Қайд этиш керак, Хитой, Европа ва АҚШ бозорларида маҳсулотларни илгари суриш мақсадида рақамлаштириш ҳамда JINGDONG ва Alibaba каби маркетплейсларга чиқишга алоҳида эътибор қаратилган.
B2B форматдаги учрашувларда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар хитойлик инвесторлар ва логистика мутахассислари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Йиғилишда бу каби дастурлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардошлигини ошириш ҳамда миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилиши таъкидланди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА мухбирлари