Бухоро шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги ҳар бир масалага алоҳида тўхталиб, муаммоларнинг ечимини кўрсатиб ўтди.
Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, бу йили кузда ва келгуси йил баҳорида яна 70 минг гектар экин ерларини аҳолига тарқатиш режа қилинган.
Лекин ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган 200 минг гектардан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши бўлмагани учун жами ерларнинг 13 минг гектари ёки 8 фоизи қаровсиз турибди.
Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда атиги 15 фоиз ерлар эҳтиёжманд оилаларга берилган.
Шу муносабат билан дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилиши белгиланди.
Бўш турган 100 минг гектар яйловлар чорваси бор аҳолига камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади.
“Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади.
ЎзА