Пойтахтимиздаги “Турон” кутубхонасида атоқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган 10 жилдлик “Чингиз Айтматов. Асарлар” тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров мамлакатимизда атоқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг ижодини ўрганиш, асарларини нашр этишга катта эътибор қаратилаётгани, бу борадаги ибратли ишлар юртимизда китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

–Чингиз Айтматов асарларининг ўн жилдлиги чоп этилиши мамлакатимиз адабий, маданий ҳаётида улкан воқеликдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – 10 жилдлик “Чингиз Айтматов. Асарлар” тўпламининг чоп этилиши жуда катта заҳматли, жасоратли меҳнатдир. Чингиз Айтматовнинг асарларини ўқиш, уқиш керак. Жаҳонда китоблари энг кўп нашр этилган ёзувчилар сафида биринчи ўринда Уильям Шекспир, иккинчи ўринда Лев Толстой бўлса, Чингиз Айтматов учинчи ўринда турибди. Зеро, адибнинг ижодкорлиги билан бирга, дипломатлик салоҳияти, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги қирраларини ўрганиш ҳам долзарбдир.
–Чингиз Айтматов ўз мамлакати, халқини дунёга танитган ижодкордир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид. – Декабрь ойи юртимизда адабиёт ойлиги сифатида ўтаётган экан, бунда Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигини нишонлашга, асарларини нашр этишга, ижодини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, мазкур ўн жилдликнинг нашр этилиши мамлакатимизда адабиёт, маънавият, китобхонлик ривожига бўлган улкан эътиборнинг натижаси.
–1974 йилда университетнинг 4-босқичида таҳсил олаётган кезларимда устозим Ғайбулла ас-Салом Чингиз Айтматов ижоди ҳақида диплом иши ёзишни тавсия этдилар, – деди атоқли журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Бишкекка бориб, Чингиз Айтматовнинг ўзига учрадим. Ўшандан буён унинг ижодини, фаолияти, ҳаётини тадқиқ этиб келаман. Чингиз Тўрақуловичнинг ҳаётида Ўзбекистон билан боғлиқ илиқ ва ёрқин жиҳатлар жуда кўп эди. Инсонни инсон мақомида кўриш Айтматов асарларининг бош ғоясини ташкил этиши билан диққатга сазовордир.
–Қирғизистонда ушбу тўпламни кўриб ҳайрон қолишди, – деди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. – Сабаби, Чингиз Айтматов ижодига оид бундай кўламдаги нашр ҳали Қирғизистоннинг ўзида ҳам бўлмаган. Адибнинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, кўплаб давлатларда чоп этилган. Шу билан бирга, Чингиз Айтматовнинг китоблари энг кўп Ўзбекистонда нашр этилган. Адиб умуминсоний ғоялар куйчиси, глобал муаммоларни кўтариб чиққани, инсониятни мудом огоҳликка даъват этгани, улуғлиги билан бирга, жуда оддий инсон бўлганини ҳаётий мисолларда ҳам келтириш мумкин. Биз адибнинг 100 йиллик юбилейига ҳозирданоқ тайёргарликни бошлаб юборишимиз мақсадга мувофиқ.
Тадбирда “Армуғон” номли туркумнинг илк нашри сифатида чоп этилган мазкур 10 жилдлик тўплам ХХ ва ХХI асрнинг буюк сўз санъаткори, ўзининг гуманистик, инсонпарварлик, дунё халқлари ўртасида тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик, инсоний меҳр-муҳаббат, ватанпарварлик ғояларини тарғиб этувчи ижоди билан бутун дунёда улкан шуҳрат қозонган адиб Чингиз Айтматовнинг 95 йиллигига чин маънода армуғон бўлгани таъкидланди.
Китоб Ўзбекистон Респубикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ижодкорнинг ўзбек халқига бўлган меҳри ва садоқатини эътироф этувчи “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди...Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди”, деган фикрлари билан бошланган.

Китобнинг биринчи жилдида мазкур нашрнинг аҳамияти ва Ч.Айтматовнинг қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашдаги ўрни борасида Қирғизистон фанлар академияси академиги Абдуллажан Аҳматалиев ҳамда адибнинг фарзанди Элдор Айтматовнинг “Чингиз Айтматов – ўзбек халқининг ҳам дилбанди” номли ташаккурномаси ўрин олган.
Тўпламга Чингиз Айтматовнинг асарлари билан бирга, унинг бетакрор ижодий лабораторияси, ўзига хос адабий маҳорати, фалсафаси, шахсияти ва ўзбек халқига дўстона муносабати ҳақида Ўзбекистоннинг машҳур олимлари, адиблари, давлат ва жамоат арбоблари, академикларининг мақолалари ҳам илова қилинган. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, таниқли давлат ва жамоат арбоблари Оқил Салимов, Хайриддин Султонов, академик Акмал Саидов, адиб ва таржимонлар Асил Рашидов, Суюн Қораев, Сайди Умиров, адиблар Назар Эшонқул, Вафо Файзуллоҳ ва бошқаларни тилга олиш мумкин.
Китобга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев масъул муҳаррирлик қилган ва сўзбоши ёзган. Тузувчи – таниқли адбиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов.
Тўпламда Чингиз Айтматов ижодий меросининг турли жанр ва йўналишларида яратилган деярли барча асосий асарлари қамраб олинган.
Яъни, унинг илк ҳикояларидан бошлаб, дунёга машҳур “Жамила”, “Биринчи муаллим”, “Сарвқомат дилбарим”, “Оқ кема”, “Юзма-юз”, “Бўтакўз булоғи”, “Эрта учган турналар”, “Алвидо, Гулсари”, “Сомон йўли”, “Денгиз ёқалаб чопаётган олапар” каби повестлари, “Асрни қаритган кун”, “Чингизхоннинг оқ булути”, “Охирзамон нишоналари”, “Қиёмат”, “Қулаётган тоғлар” , “Чўққида қолган овчининг оҳи - зори” каби романлари, эссе ва публицистикаси, пьеса ва драмалари ўзига хос кетма-кетликда жамланган.
Ушбу тўпламдан адибнинг илгари юртимиз нашриётларида бир неча бор чоп этилган машҳур асарлари билан бирга, илк бора ўзбек тилига ўгирилган публицистик асарлари, пьеса, эссе ва суҳбатлари ҳам ўрин олган.
Тақдимотда олимлар, адабиётшунослар, журналистлар Чингиз Айтматовнинг серқирра ижоди хусусида батафсил гапирди. Юртимизда Ч.Айтматовга кўрсатилаётган эҳтиром, давлатимиз раҳбарининг айни пайтда қирғиз халқига ҳам юксак эҳтироми эканини эътроф қилди.
Шунингдек, Қирғизистонда жорий йилнинг 12-14 декабрида Ч.Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишлаб ўтказилган юбилей тантаналари, ушбу маданий-адабий тадбирларда ўзбекистонлик ижодкорларнинг иштироки, юртимиз ноширларининг, умуман ўзбек халқининг ушбу қутлуғ санага, Чингиз Айтматов сиймоси ва порлоқ хотирасига эҳтироми рамзи бўлган 10 жилдлик тўпламининг тақдимоти хусусида батафсил сўз юритилди.
Мазкур нашрнинг илк нусхалари Чингиз Айтматов Университетига ҳамда Қирғизистон Миллий кутубхонасига туҳфа этилгани маълум қилинди.
10 жилдлик “Чингиз Айтматов”. Асарлар” тўплами “Ўзбекистон” нашриётида ўзбек тилида, лотин алифбосида ҳар бир жилди 1000 нусхадан чоп этилди. Тақдимот доирасида Ч.Айтматов қаламига мансуб китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири