1 миллион долларлик грант ажратилади
Токио шаҳрида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда FPT Consulting Japan Co., Ltd иштирокида IT мутахассисларини тайёрлаш ва соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда рақамли истеъдодларни ривожлантириш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратилиши кўзда тутилган.

Музокараларда Япония бозори учун рақобатбардош IT мутахассислари тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, масофавий хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда рақамли хизматлар экспортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳамкорлик доирасида Япония бозорига йўналтирилган IT соҳаси учун ихтисослашган япон тили таълими йўлга қўйилади, япон иш маданиятига хос юмшоқ кўникмалар ривожлантирилади. Шунингдек, ўзбекистонлик IT мутахассисларининг Япония компаниялари билан интеграцияси кенгайтирилади.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг глобал IT хизматлар экспортидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА