1-июлдан солиқ тўловчиларга ҳам бепул тиббий хизмат кўрсатилади (+видео)
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5-сентябрдаги 311-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1-июлдан туман, шаҳар ҳамда вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида режали стационар даволанишлар солиқ тўловчилар учун бепул амалга оширилади.
2026 йилнинг 1-июлидан давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш доирасида тиббий хизматларни молиялаштиришнинг янги тартиби амал қилади. Унга кўра фуқаролар аввал оилавий шифокор қабулига белгиланган тартибда мурожаат қилганидан сўнг тиббий кўрсатмага асосан кейинги босқичда хизматлар бепул амалга оширилади.
Асосийси давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида туман (шаҳар) ва ҳудуд вилоят даражасидаги муассасаларда режали ётиб даволаниш хизматлари белгиланган шартлар асосида давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шу ва соҳадаги бошқа янгиликлар хусусида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бош мутахассиси Муҳаббат Йўлдошова билан суҳбатлашдик.
- Ушбу янги тизим қайси тоифадаги фуқароларимизни қамраб олади?
- Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5-сентябрдаги 311-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан туман, шаҳар ҳамда вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида режали стационар даволанишлар солиқ тўловчилар учун бепул амалга оширилиши белгилаб берилган. Стационар даволаниш асосан электрон йўлланма асосида амалга оширилади. Бу йўлланмани фуқароларимиз оилавий шифокорга мурожаат қилган ҳолда, унинг тавсиясига кўра режали йил давомида туман ёки вилоят даражасидаги муассасаларда кафолатланган пакет доирасида бепул олиш имкони яратилди.
- Кафолатланган пакетга қандай тиббий хизматлар киради?
- Тиббий хизматлар ҳажмлари: беморнинг кўригидан тортиб, унинг даволаниб чиқиб кетгунча бўлган жараён қамраб олинади. Электрон ҳужжат шакллантирилади. Ташхис қўйиш, лаборатория ва диагностик текширувлари, ҳаттоки айрим дори воситаларини ҳам бепул олиб, даволаниш имкониятига эга бўлади.
- 1-июлдан яна қайси тоифадаги фуқароларга бепул хизмат кўрсатилади?
- Таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат нафақасини олувчилар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзоларига тиббий хизматлар бепул тақдим этилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/s0fiTxsYrrY" title="1-iyuldan soliq to‘lovchilarga bepul tibbiy xizmat ko‘rsatiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА