Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилган 1- Халқаро онлайн илмий-амалий анжуман “Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин-қизларнинг илм-фан тараққиётидаги роли: Гендер тенглик” мавзуси билан бошланди.
Ҳамкор ташкилотлар таркибинининг ўзиёқ ўтказилаётган анжуманнинг юқори нуфузга эгалигини кўрсатиб турибди. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Британия кенгаши, Урал Федерал Эсбатини университети, Жанубий Африка университети, Ўш гуманитар педагогика институти, Словениядаги Сифат Олий таълим институти, Оксфорд университети, БМТ Тараққиёт Дастури, Лейбниц қишлоқ хўжалиги Ландшафти тадқиқот маркази, Асосий Глобал Ассоциацияси, Австралия, Марказий Осиёнинг барқарор инновациялар бюроси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва маҳалла илмий тадқиқот институти, “Tadqiqot.uz” халқаро илмий журналлар порталининг биргаликдаги ҳаракати албатта, ўз самарасини бериши тайин.
Конференция ЗООМ платформаси орқали ўзбек, рус, инглиз тилларида олиб борилади.
Бугунги анжуман республика ва хориждаги олима аёлларнинг таълим ва илм-фан соҳаларидаги тажриба ва ютуқлари билан танишиш, илмий анъаналари борасида фикр алмашиш, аёллар ва ёш қизларнинг салоҳиятини илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш ҳамда маданият-маърифат, сиёсий-иқтисодий ишлардаги нуфузини янада ошириш каби масалаларни ўз олдига қўйган. Бу айни пайтда мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга экани, аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этиш анъана ва урфимиз бўлганини намоён этади.
Мамлакатимизда бугунги кунга қадар 24 та меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шулардан 2 таси Гендер тенглик ва аёлларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш экани ҳам масаланинг гуманистик моҳиятини ифода этади.
Конференцияда қуйидаги масалаларнинг ҳал этилиши кўзда тутилган.
Илм-фан, техника ва инновациялар самарадорлигини таъминлашда олима аёлларнинг иштироки, Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган инновациялар, маънавий-маърифий ислоҳотлар, таълим тизимини модернизациялашда хотин-қизларнинг ўз қобилиятлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришнинг шарт-шароитлари, Давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиёт тармоқларида ҳамда ОТМ-оила-маҳалла ҳамкорлигида хотин-қизларни ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятига жалб этиш, Глобаллашув шароитида хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтиришнинг замонавий муаммолари, оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш асосий вазифа ва мақсад сифатида қўйилган.
Конференциянинг илк босқичида Республика олий таълим кенгаши раиси, ТИҚХММИ ректори Ўктам Умурзаков, Олий Мажлис Сенати Раиси, Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Артикова, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, "Women’s Leadership” лойиҳаси асосчиси Гули Ханум Шейх (Оксфорд университети), БМТ таррақиёт дастурининг доимий вакили Дойна Мунтяну, Британия кенгаши директори Рейчэл Айланд, Эсбатини университети ўқитувчиси Мандана Арфа, (Жанубий Африка) ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан қатнашди.
Кун якунида олтита шўъба бўйича турли мавзулардаги маърузалар тингланди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилган 1- Халқаро онлайн илмий-амалий анжуман эртага ҳам давом этади.
Раҳимбой Жуманиёзов,
Институт матбуот хизмати раҳбари