1 АПРЕЛДАН АЙРИМ ТЎЛОВЛАР ФАҚАТ НАҚДСИЗ ШАКЛДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
SQB қандай тайёргарлик кўрмоқда?
Марказий банк томонидан жорий йил 27 март куни ўтказилган матбуот анжуманида 2026 йил 1 апрелдан бошлаб айрим тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш тартиби жорий этилиши маълум қилинди.
Мазкур тартиб Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида жорий этилмоқда. Унга кўра, мамлакатимизда айрим турдаги тўловлар энди фақат банк картаси ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Янги тартиб, айниқса, кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотдисида муҳим ўзгаришларни назарда тутади. Энди бундай битимларда ҳисоб-китоблар банк орқали, махсус эскроу ҳисобварағи орқали амалга оширилади.
– Ушбу тартибни амалиётга жорий этиш мақсадида банкимиз томонидан қатор ташкилий ва амалий ишлар амалга оширилди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шуҳрат Якубов. – Хусусан, кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотдисида ҳисоб-китобларни хавфсиз амалга ошириш учун эскроу ҳисобварағи механизми жорий этилди. Банкнинг дастурий тизимлари мослаштирилмоқда, нотариуслар билан электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Шу билан бирга, банк филиаллари ва масъул ходимлар томонидан мижозларга узлуксиз хизмат кўрсатиш бўйича тегишли тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Эскроу ҳисобварағи орқали амалга ошириладиган ҳисоб-китобларда пул маблағлари битим нотариал тартибда тасдиқлангунга қадар ушбу ҳисобварақда сақланади. Нотариус шартномани тасдиқлаганидан кейин пул сотувчига ўтказилади, агар битим амалга ошмаса, маблағ харидорга қайтарилади. Бу эса ҳар икки томон учун хавфсизликни таъминлайди.
Шунингдек, узоқ ҳудудларда жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш станцияларида нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида банк томонидан тайёр дебет карталар жорий этилди. Мазкур карталарни “SQB Mobile” иловаси орқали буюртма қилиш мумкин бўлиб, бу чекка ҳудудларда ҳам нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Умуман олганда, янги тартиб ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш, хавфсизликни ошириш ва аҳоли учун янада қулай тўлов тизимини яратишга хизмат қилади.
ЎзА