Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
2018 йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар киритилмоқда.
“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги (янги таҳрир), “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизимини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш ва уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноий жавобгарликни либераллаштиришга, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, сенаторлар халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунларини ҳам кўриб чиқадилар, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг ахборотини эшитадилар.
Ялпи мажлисда Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.
Сенат аъзолари қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазирига парламент сўрови юбориш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн олтинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Сенат Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ тузилди.
Мажлисда Сенат Кенгаши ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати