"Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс" танлови ғолиблари сараланмоқда
Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулкидир.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулкидир.
Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи, маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида «Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс» услубий-ижодий ишлар танлови ўтказилмоқда.
Танловни ўтказишдан асосий мақсад –умумий ўрта таълим муассасаларда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг она тили (ўзбек тили) ўқитиш методикасини такомиллаштириш ва оммалаштиришга қаратилган. Бунда тақдим этилган ижодий ишларни қўллаб-қувватлаш, ўзбек тилини она тили ва давлат тили сифатида ўқитилиши бўйича илғор педагогик фаолиятни кенг тарғиб этиш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш кўзда тутилган.
Ушбу танлов жорий йилнинг 20 августида эълон қилиниб, 20 сентябрга қадар тайёрланган видеодарс ва унинг тақдимоти электрон шаклда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг @videodars_newbot telegram боти орқали қабул қилинди. Танловга жами 4 минг 308 та ижодий иш қабул қилиниб, 20 сентябрдан бошлаб тақдим этилган ижодий ишлар Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Республика таълим марказида ижодий ишларни саралаётган мутахассислар иштирокида жараёнлар, баҳолаш мезонлари каби масалалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ҳозирда мутахассислар томонидан сараланган ижодий ишлар Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим марказининг телеграмдаги расмий саҳифалари орқали фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинди. Кейинги жараёнда ижтимоий тармоқларда овоз берувчиларнинг ижодий ишга муносабати ва фикрлари инобатга олиниб, ижодий ишлар орасидан ҳар бир йўналиш бўйича энг кучли ўнталик саралаб олинади ва мутахассисларнинг якуний хулосаси асосида кучли ўнталик орасидан ғолиблар аниқланади.
Маълумот учун, мазкур танлов ғолибларини Ўзбек тили байрами арафасида тақдирлаш режалаштирилган.