Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилаётган Қўқон ўзининг нафис санъати, машҳур ҳунармандчилик мактаби ва адабий муҳити, маърифат ва юксак маънавияти билан ном қозонган.
Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилаётган Қўқон ўзининг нафис санъати, машҳур ҳунармандчилик мактаби ва адабий муҳити, маърифат ва юксак маънавияти билан ном қозонган. Бу ерда яратилган санъат дурдоналари бугун халқимизнинг беқиёс мулкига айланган.
Халқ кўнглидан жой олган ўлмас асарлардан бири “Қўқон ушшоғи"дир. Халқ ҳофизи М.Тожибоев ва мусиқашунос С.Бегматовнинг маълумотларига кўра, “Ушшоғи Хўқанд” деб номланган ушбу асар пайдо бўлишининг ўзига хос тарихи бор.
Ҳозирги пайтда мусиқа шинавандалари Юсуф Сарёмийнинг (асл исми Юсуф мулла Абдушукур ўғли, Чимкент вилоятининг Сайрам туманида туғилган, 1840-1912 йилларда яшаб ўтган)
Қаро кўзингни асири мудом сурмаи ноз,
Замона кўрмади сен каби бути танноз.
матлаъси билан бошланувчи ғазалида тинглашади.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, “Қўқон ушшоғи” куйи билан бошқа ғазаллар ҳам ижро этилган. Мумтоз мусиқа меросимизнинг устоз санъаткорлари Жўрахон Султонов, Маърифхўжа Баҳодиров, Орифхон Ҳотамовларнинг хотираларига кўра, бу асарнинг ҳозирги шаклдаги ижро намунаси Ҳожи Абдулазиз томонидан ишланган экан.
Шўро инқилобидан аввалги даврда тошкентлик Илҳом самоварчи деган тадбиркор ўша давр учун янгилик бўлган граммофонни олиб келади. Ўзбекистонга граммофон деган “техника мўъжизаси” тез тарқала бошлаган. Аммо эшитиш учун “лаппак” – грампластинкалар зарур бўлган. Илҳом самоварчи Ригадан мутахассисларни жалб қилиб, Ўзбекистоннинг машҳур ҳофизлари қўшиқларини грампластинкага ёздиради. Шу тариқа Бухоро – Самарқанд йўналишидаги ижодкорлар Фарғона водийси ва Тошкент ҳофизларининг нафасларини эшитишга муяссар бўлган.
Ушбу имкониятдан фойдаланган Қўқондаги ҳофизлар – Ҳамроқул қори ва Эрка қори каби катта ашула намояндалари ҳам ашулаларини грампластинкага ёздирган. Ҳамроқул қори “Қачон келасиз?” деб номланувчи Ушшоқ йўлидаги катта ашулани ҳам пластинкага муҳрлайди. Самарқандлик Ҳожи Абдулазиз Ҳамроқул қорининг бу катта ашуласини ёқтириб қолади ва усулсиз айтилган Ушшоқ йўлидаги ашулани усулга солади ва бойитади. Ашулани эса форсигўй шоир қаламига мансуб
Ба хоки пойи ту сарви нозпарвариман
Ки жузъ ҳавои висоли ту нест бар сариман
матлаъси билан бошланувчи ғазалда ижро қилади ва ашулани “Ушшоқи Хўқанд” деб атайди.
“Қўқон ушшоғи” ашуласи мақомлар йўлида яратилиб, ўзининг салобати билан мумтоз хонандалар амалиётида кенг оммалашган асарлардан бири бўлган. Бухоролик ҳофизлар Қўқон Ушшоғига Сегоҳ, Ушшоқ, Уззол ва Мухайяри Чоргоҳ намудларини қўшиб айтганлар. Тожикистонда унга Зебо пари авжини ҳам қўшиб ижро этганлар.
Кейинчалик устоз санъаткор Юнус Ражабий Шашмақомни таъриф қилганларида Қўқон Ушшоғини ҳам бутунлай бошқа ғазал, яъни Огаҳийнинг
Фиғонки, ёр вафо аҳлига ситам қиладур,
Ниёзу ажз гуноҳига мунтаҳам қиладур.
матлаъси билан мақомчиларга ижро қилдирди.
Мақомат қоидалари буткул сақланган ҳолда Қўқон Ушшоғи катта мақом ашуласига айланди. Мақомчилар ансамбли Қўқон Ушшоғини ушбу сўз билан айтсалар, халқимиз орасида Юсуф Сарёмий сўзи билан ижро этиш хонандалар амалиётида кенг оммалашган.
Юсуф Сарёмийнинг "Қўқон Ушшоғи" матни шундай:
Қаро кўзунгни асири мудом сурмаи ноз,
Замона кўрмади бир сан каби қади танноз.
Чаманда сарв қадингдек латиф эмас шамшод,
Юзинг гули каби ризвон гули эмас мумтоз.
Юзингни равзада насрин хаёл айласа кам,
Латофатингни Эрам боғида пари деса оз.
Рақам чекарда хатти анбарингни котиби сунъ,
Бериб ду лаълинга ёқут суйи билан пардоз.
Хумори бодаман, эй соқий, тут қадаҳ манга,
Етушти мавсуми гул, мутриб эт таронани соз.
Ичурди илгида гулрух бинафша жомида май,
Бўл, эмди Юсуфий, чун андолиб нағма тароз.
Бу ушшоқни Фахриддин Умаров, айниқса, маромига етказиб куйлаган.