Ўқитувчилик касбининг мақоми қайтди
Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига назар ташласак, уларнинг аксарияти таълимга эътибор, илм-фан ривожи билан шу даражага етганини кўрамиз.
Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига назар ташласак, уларнинг аксарияти таълимга эътибор, илм-фан ривожи билан шу даражага етганини кўрамиз.

Собир ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
Педагогика фанлар доктори
Ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масала бу, шубҳасиз, таълим-тарбиядир. Ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўлига назар ташласак, уларнинг аксарияти таълимга эътибор, илм-фан ривожи билан шу даражага етганини кўрамиз. Шу боис мамлакатимизда ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш ва жамиятдаги мақомини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Касб байрамлари ичида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни халқимиз, давлатимиз томонидан алоҳида эътибор ва эътироф билан нишонланади. Бунинг яна бир яққол мисолини педагогларимизнинг бу йилги байрами арафасида кўрдик.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрам тадбири илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтгани таълим ва тарбия масаласи мамлакат сиёсатининг устувор йўналиши эканини амалда исботлади. Давлат раҳбари юрт равнақини белгиловчи муҳим омил айнан таълим-тарбия, илм-фан эканидан келиб чиқиб, устозларга одатий табрик эмас, балки мурожаат билан чиқди. Буни, албатта, юрт келажагига бўлган эътиборнинг юксак намунаси дейиш мумкин.
Ҳақиқатдан, байрам олди муҳим ўзгаришлар, янгиликларга бой бўлди. Аввало, ўқитувчилик касбининг мақоми қайтди, десак муболаға бўлмайди.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги боғчалар қурилиб ишга туширилди. Ушбу масканларда таълим-тарбия ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан энг илғор усул ва воситалар ёрдамида олиб борилаётгани соҳага қаратилаётган юксак эътиборнинг намунасидир.
Мамлакатимизда боғча, мактаб ва олий таълим тизимида ишлаётган тарбиячилар, ўқитувчилар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилаётгани ҳам шубҳасиз, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб мутахассис ўқитувчиларнинг оширилган ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифали педагогларники эса 64 фоизга етказилди. Ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида берила бошланди.
Президентимизнинг 2019 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эса бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатда халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, айниқса, «Замонавий мактаб» давлат дастурини тайёрлаш бўйича муҳим масалалар белгилаб қўйилган.
Яқинда байрам арафасида янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг Президентимиз томонидан имзолангани мамлакатимиздаги таълим-тарбия жараёнлари янги поғонага кўтарилишига муҳим асос бўлади. Қонунда педагог ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани, уларнинг касбий фаолиятига аралашилиши, хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ўқитувчиларни кўп йиллардан буён ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, баъзиларда мавжуд қонунни янги таҳрирда қабул қилишнинг қандай заруратлари бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Айтиш жоизки, амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди. Бугунги давр талаблари кечаги куннинг мезонларидан буткул фарқ қилади. Бошқа соҳаларда бўлгани каби таълим тизими ҳам даврга ҳамоҳанг тарзда янгиланиб борилиши керак. Замонавий фикрлайдиган, кун сайин дунёқарашини бойитиб борадиган кадрларни тайёрлаш масаласи таълим-тарбия соҳасида ҳам замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартларини, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш вазифасини кун тартибига қўйди.
Табиийки, қонун нормалари бугунги изчил ислоҳотларга мос келмай қолган эди. Тизим замонавий қонунга муҳтож бўлиб қолди. Шунинг учун соҳадаги барча ютуқ ва камчиликлар, жаҳондаги тажриба ва тенденцияларни инобатга олган ҳолда, «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди.
Қонунга мувофиқ, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълим таълим турларига киритилди. Умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олади. Ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилади. Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.
Бундан ташыари, қонунда бошланғич таълим, касб-ҳунар таълими, касб-ҳунар мактабларида 9-синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шаклида умумтаълим ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида таълим амалга оширилиши белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонунда таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси ҳуқуқий томондан мустаҳкамланди. Таълим жараёнида меҳнат қилаётган кўп сонли мутахассисларнинг, ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилди.
Қонунга инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилди. Бу ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, амалдаги қонунда, умуман, қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидалар – юртимизда ёшидан қатъи назар, катта ёшдагилар умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятлари ҳам қонун билан мустаҳкамланди.
Мухтасар айтганда, мазкур қонун Ватан равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ҳуқуқий асосдир. Янгича фикрлайдиган ёшларнинг янгича ҳаракати ва интилиши учун Янги Ўзбекистонда яна бир муҳим қадамлар ташланди.
Юртимиздаги фидойи ўқитувчи ва мураббийларни, қадрли устозларни касб байрамлари билан чин юракдан, самимий табриклаймиз. Барча устоз ва мураббийларга машаққатли, шу билан бирга, шарафли фаолиятида куч-қувват, мустаҳкам ирода ҳамда давомли муваффақиятлар тилаймиз!