Венгрия Бош вазири Виктор Орбан рафиқаси билан бирга пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Мамлакатимиз бош майдони халқимиз озодлигининг, аждодларимиз асрлар давомида орзиқиб кутган ва муттасил интилиб яшаган, бугунги авлодларга насиб этган энг улуғ, энг азиз неъмат бўлмиш истиқлолимизнинг муқаддас рамзидир. Шу боис, бу муаззам майдонга хорижий расмий делегацияларнинг ташриф буюриши эзгу анъанага айланган.
[gallery-1801]
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам мамлакатимизга илк расмий ташрифини Мустақиллик майдонидан бошлади.
Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Меҳмонларга Мустақиллик майдонининг мазмун-моҳияти, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди. Виктор Орбан бу мажмуа ўзбек халқини истиқлол руҳидан куч олиб, янада улкан марралар сари интилишида ўзига хос маёқ бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Шундан сўнг Венгрия делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
ЎзА