Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълимдаги устувор вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари таълим сифатини яхшилаш ва унинг барча жараёнларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ташкил этиш масаласи Олий таълим вазирлиги, ректорларнинг эътиборидан четда қолиб кетаётганини қайд этди.
Жумладан, бугунги кунда 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Олийгоҳлар 2 мингга яқин фанлар бўйича дарсликлар билан таъминланмаган, ўқув дастурлари бундан 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилган.
Масалан, Тошкент молия институтида ғазна ижроси, пенсия иши, бюджет ҳисоби каби 9 та мутахассислик хорижий олийгоҳларда 1 та молия йўналиши сифатида ўқитилади. Шу билан бирга, олий ўқув юртларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳам қониқарли аҳволда. Жумладан, ўтган йилда бор-йўғи 77 та олийгоҳ 5 миллиард сўмлик китобларни сотиб олган (битта олийгоҳга ўртача 68 миллион сўм).
Бу каби муаммолар олий таълимнинг обрўси пасайишига олиб келмоқда. Хусусан, ўтказилган сўровларда аҳолининг 65 фоизи олий таълимдаги ислоҳотларнинг натижаси сезилмаяпти, деб фикр билдирган.
Шу боис, давлатимиз раҳбари соҳадаги раҳбарлар барча куч ва ресурсларини қуйидаги 4 та устувор вазифага қаратиши зарурлигини таъкидлади.
Биринчиси – олийгоҳлар бошқарув кенгашлари ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш.
Иккинчиси – таълим жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш, талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит ва шароит яратиш.
Олийгоҳлар талабани ўқишга қабул қилишдан аввал, уларни қаерга ишга юборишини, бунинг учун иш берувчилар билан 10 йиллик шартномага эга бўлиши керак.
Учинчиси – олийгоҳлар илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.
Тўртинчиси – профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.
Бу борада халқ таълими тизимида ишлар бошланди, лекин олий таълимда ҳали бирорта ўзгариш бўлгани йўқ.
Видеоселектор йиғилишида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов сўз олиб, халқ таълими тизимида қоғозбозлик 70 фоизга камайганини маълум қилди.
Президентимиз олий таълимда ҳам қоғозбозликка кескин чек қўйиш вақти келганини қайд этди.
Йиғилишда мазкур вазифаларни уддалаш учун, энг аввало, олийгоҳларга академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши айтилди.
ЎзА