Ёш иқтидорлар рағбатлантирилди
Андижон шаҳридаги “Жоме” меъморий мажмуасида “Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали” ҳафталиги якунига бағишланган тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ўтказилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, Андижон давлат университети, Андижон педагогика институти талабалари, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ҳамда вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўзларининг турли мавзулардаги тасвирий ҳамда амалий санъат асарлари билан иштирок этди.
Мамлакатимизда ижодкор ёшларининг иқтидор ва истеъдодларини юксалтириш, уларнинг ижодий салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига кенг имконият яратиб бераётган халқаро фестиваль доирасидаги мазкур кўргазмада айниқса, ёш мусаввирлар фаол иштирок этди.
[gallery-28974]
– Кўргазмада амалий санъат намуналари ўзим тайёрлаган миллий либослар ҳамда табиат манзаралари, миллий нақшлар акс этган ижодий ишларим билан иштирок этяпман, – дейди Андижон давлат педагогика институти Тасвирий ва амалий санъат йўналиши 2-босқич талабаси Мадинабону Ҳакимова. – Кўргазмага ташриф буюрувчилар ижодий ишларимни катта қизиқиш билан томоша қилаётганликлари мени беҳад қувонтирди.
Кўргазмада намойиш этилган тасвирий, шу билан бирга, миниатюра, кулолчилик, ҳайкалтарошлик, хаттотлик сингари амалий санъат йўналишларидаги аксарият ижодий ишлар меҳмонларнинг эътиборини қозонди. Намойиш этилган ижодий ишлар мавзусининг ранг-баранглиги билан мухлислар ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Кўргазмада Андижон давлат университети, Андижон давлат педагогика институти талабалари, айниқса, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари Зебо Одилова (миниатюра), Миҳаммаддиёр Имоқўзиев, Рухшона Абдувосиева, Мавлуда Абдуллажонова (кулолчилик), Зилола Козимова (графика), Миржалол Қосимов (ганчкорлик), Оғабек Шодмонов(ранг-тасвир)нинг ижодий ишлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
“Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали” кўргазмаларида фаол иштирок этган ҳамда танловда ғолиб, совриндор деб топилган ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг олтин, кумуш ва бронза медаллари, дипломлари, шунингдек, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.