Яшнобод туманида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишлари қандай йўлга қўйилган?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Эшмуродов ҳамда адлия вазири А.Тошқулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтнинг Яшнобод туманида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали профилактика тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ томонидан савдо объектлари, умумий овқатланиш масканлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда аҳоли гавжум бўладиган бошқа жамоат жойларида ўрнатилган “ташвиш тугмалари”нинг техник ҳолати, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш даражаси ҳамда тезкор хизматлар – ички ишлар органлари, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар хизматлари билан интеграцияси атрофлича ўрганилди.

Шу билан бирга, ушбу техник воситаларнинг реал ҳолатда ишлаш самарадорлиги, улар орқали келиб тушаётган мурожаатларга тезкор жавоб қайтариш тизими, сигналларни қабул қилиш ва қайта ишлаш механизмлари, шунингдек, масъул ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражаси таҳлил қилинди.
Ўрганишлар давомида айрим объектларда техник носозликлар, қурилмалар самарадорлиги пастлиги ҳамда фуқаролар ва ходимларнинг улардан фойдаланиш бўйича хабардорлиги етарли эмаслиги каби камчиликлар аниқланди.
Аниқланган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик ҳамда масъул ташкилотлар вакилларига манзилли кўрсатмалар берилди. Жумладан, техник воситаларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, замонавий хавфсизлик тизимларини жорий этиш, “ташвиш тугмалари”ни ягона диспетчерлик тизимига интеграция қилиш ҳамда масъулларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифалари белгиланди.

Маҳаллаларда “хавфсиз ҳудуд” тамойилини кенг жорий этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқаролар иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ишчи гуруҳ томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида келгусида ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, жиноятчиликни камайтириш ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА