Хавфсизлик амалда: маркировка фармацевтика бозорининг шаффофлигини қай даражада оширади?
Жорий йилнинг 11 март куни Асл Белгиси рақамли маркировка тизими оператори ва Навбаҳор дорихоналар тармоғи ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг тантанали имзоланиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ҳамкорлик аҳолининг дори воситаларини рақамли маркировкалаш тизими ҳамда уларнинг асллигини текшириш имкониятлари борасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган.
Меморандум доирасида томонлар истеъмолчиларни хабардор қилиш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича келишувга эришдилар. Йил давомида рақамли маркировка ҳақидаги хабардорликни ошириш, дори-дармонларни текшириш воситаларини оммалаштириш ва онгли харид маданиятини шакллантиришга йўналтирилган бир қатор қўшма PR ва ахборот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Дорихона — ишонч нуқтаси
Дорихоналар тармоғи истеъмолчи билан алоқа қилишнинг асосий нуқтаси ҳисобланади. Навбаҳор дорихоналарида QR-кодли стикерлар аллақачон жойлаштирилган бўлиб, ташриф буюрувчилар уларни сканерлаш орқали Асл Белгиси (Android/ iOS) иловасини бепул юклаб олишлари ва харид қилинаётган препаратни о‘ша заҳоти текшириб кўришлари мумкин. Шу тариқа, харидор дорининг ҳақиқийлигига ва эълон қилинган хусусиятларга мослигига бевосита касса олдидаёқ ишонч ҳосил қила олади.
Бу нима учун керак?
Рақамли маркировка ҳар бир қадоқнинг ҳаракатини ишлаб чиқарувчидан тортиб сўнгги харидоргача кузатиб бориш имконини бериб, дори воситалари айланмасининг шаффофлигини таъминлайди. Мазкур тизим қалбакилаштирилган маҳсулотларни аниқлашга, бозордаги вазиятни кузатишга ва ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари тақчиллигининг олдини олишга ёрдам беради.
Истеъмолчилар учун бу — харид қилинаётган дориларнинг қонунийлиги ва сифатини мобил телефон ёрдамида мустақил равишда текшириш имкониятидир. Бизнес учун — контрафактдан кўриладиган йўқотишларни камайтириш, логистика самарадорлигини ошириш ва брендни ҳимоя қилишдир. Давлат учун эса дори воситалари айланмасини назорат қилиш, нархларни мониторинг қилиш ва бозор шаффофлигини ошириш демакдир.
Халқаро тажриба
Бугунги кунда дори воситаларини рақамли маркировкалаш Қозоғистон ва Россия Федерациясида аллақачон жорий этилган, шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларда фаол ривожланмоқда.
Кодларни ўзаро тан олиш механизми аввалроқ Ўзбекистон ва Россиянинг фармацевтика соҳасида жорий қилинган эди. 2024 йилда икки мамлакат ҳукуматлари дори воситаларининг маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни узатиш бўйича ахборот алмашинуви тўғрисидаги битимни имзолаган бўлса, 2025 йилда бу механизм муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Ҳамкор давлатлардаги харидорлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни, мамлакатимиздаги истеъмолчилар эса импорт қилинган маҳсулотларни текшира оладилар. Шу тариқа, рақамли маркировка, товар қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганидан қатъи назар, ишлайдиган универсал ишонч воситасига айланмоқда.
Бундай ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши фармацевтика бозорига бўлган ишончни оширишга хизмат қилади ва замонавий рақамли воситаларни жорий этиш ҳисобига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлайди.
ЎзА