Уйчида ёшлар таклиф ва ғоялари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Уйчи туманида илм олиш ва изланиш йўлида фаол бўлган иқтидорли ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.
“Умид ниҳоллари” болалар оромгоҳида ўтказилган тадбирда “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Инновацион ғоялар етакчиси” мукофоти соҳиби Асадбек Уруновнинг стартап лойиҳалари, шунингдек, “Ибрат”, “Мезон”, “ICE BERG” ўқув марказлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Шу билан бирга, “Устоз Али” платформаси, “Мутолаа”, “Ибрат фарзандлари” ва “Қизлар академияси” каби лойиҳалар билан танишилди.
Тадбир доирасида 39-мактаб ўқувчиларидан ташкил топган ёш актёрлар жамоасининг театрлаштирилган чиқиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди ва уларнинг маҳорати юқори баҳоланди.
Шунингдек, “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви доирасида “Voice Up – 2026” инклюзив оромгоҳи иштирокчиларининг тақдимотлари ҳам намойиш этилди. Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини билдирди. Айрим мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.
Вилоят раҳбари ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, билим олиш ва ўз иқтидорини намоён этиш учун зарур шароитлар мавжудлигини таъкидлаб, уларни доимий изланиш ва юқори мақсадлар сари интилишга чорлади.
[gallery-28712]
Шу куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган “Voice Up” инклюзив оромгоҳига старт берилди. Уч кун давомида оромгоҳда тренинглар, мотивацион учрашувлар ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Учрашув якунида ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлашни янада кучайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА