Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди
Пойтахтимизда жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Энг йирик ислом цивилизацияси музейи” номинацияси бўйича “Guinness World Records”нинг расмий рекордига киритилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида ташкилотнинг расмий вакили, судья Шейда Субаси иштирок этиб, Марказ барча халқаро мезон ва стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.

Қайд этилишича, мазкур мажмуа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган йирик илмий-маърифий ва музей лойиҳасидир. Унда мамлакатнинг бой маданий мероси, илмий салоҳияти ва замонавий технологиялар ягона маконда уйғунлаштирилган.
Судья Шейда Субаси Марказ фаолиятига юқори баҳо бераркан, мазкур мажмуа нафақат ҳажми жиҳатидан, балки концептуал ёндашуви билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этди.
Д.Ҳакимов, ЎзА