Талабалар турар жойлари сотувга қўйиладими?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда "талабалар турар жойлари оммавий савдога чиқарилмоқда", деган мазмунда тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилди:
“Таъкидлаш лозимки, тарқалган эълонларда талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги бўш ҳолда турган ертўла, ҳовли қисми, ошхона, буфет ҳамда ётоқ сифатида фойдаланилмайдиган бошқа ёрдамчи майдонларни ижарага бериш назарда тутилган.
Хусусан, қуйидаги объектлар бўйича маълумотлар келтирилган:
Самарқанд давлат тиббиёт университетидаги ҳовли қисмидаги 69,8 кв.м бўш майдон;
Фарғона давлат университетида ертўладаги 40 кв.м бўш хона;
Гулистон давлат университетидаги 37 ва 52 кв.м бўш хоналар;
Урганч давлат университетидаги 36 кв.м ошхона;
Фарғона давлат техника университетидаги ошхона биноси;
Термиз давлат университети ҳудудидаги технологик майдон.
Ушбу объектлар оммавий савдолар орқали ижарага бериладиган бўлиб, улар талабалар яшаш жойи ҳисобланмайди ва турар жой ўринлари қисқаришига сабаб бўлмайди”.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий педагогика университетининг талабалар турар жойи сотувга қўйилгани ҳақида ҳам турли фикрлар билдирилган.
Маълум бўлишича, мазкур объект оммавий савдога мавжуд қонунчиликка мувофиқ тасдиқланган 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури доирасида чиқарилмоқда.
Университетнинг мавжуд бино ва иншоотлари Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган замонавий кампус тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг бўшатиб берилиши шарти билан оммавий савдога чиқарилган.
Ҳозирги кунда университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда мазкур объектларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан замонавий ўқув бинолари ва 5 минг ўринли янги талабалар турар жойлари қурилмоқда. Янги кампусда талабалар учун барча зарур шарт-шароитларга эга замонавий таълим ва яшаш муҳити яратилади.
Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “талабалар турар жойлари сотилмоқда” ёки “ётоқ ўринлари қисқармоқда” деган талқинлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги таъкидланади.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, ўтган 2025 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 8 минг ўринли турар жойлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, йил якунида жами 11 084 ўринли талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди. Бу эса белгиланган режанинг 138,6 фоиз бажарилганини англатади.
Бугунги кунда республика бўйича 38,5 минг ўринли янги талабалар турар жойлари лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, келгуси йилларда ҳам замонавий талабалар инфратузилмасини кенгайтириш ишлари давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА