Норинда Ёшлар кунига бағишланган тадбирлар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёшлар куни муносабати билан Наманган вилояти Норин туманида оталиққа олинган ёшлар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда замонавий «Ёшлар кутубхонаси»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Интеллектуал беллашув ёшларнинг билим ва тафаккур салоҳиятини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди. Унда маҳаллалар жамоалари тарих, адабиёт, илм-фан ва маданиятга оид саволлар бўйича баҳслашди. Беллашув якунида ғолиб жамоалар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
[gallery-30142]
Тадбирларда туман ҳокими Жўрабек Нурматов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Шу куни туман марказида замонавий «Ёшлар кутубхонаси» фойдаланишга топширилди. 2 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхонада дарсликлар, илмий, маърифий ва бадиий адабиётлар жамланган. Маскан ёшларнинг билим олиши ва изланишлари учун зарур шароитлар билан таъминланган.
Кутубхона бир вақтнинг ўзида 20 нафардан ортиқ китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, бепул Wi-Fi тармоғи ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА