Сопол ғишт ишлаб чиқарувчи корхонада қонунбузарликлар аниқланди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида фаолият юритаётган сопол ғишт ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида ўтказилган давлат назорати текширувлари давомида бир қатор қўпол қонунбузарликлар аниқланиб, маҳсулот сифати ва хавфсизлигига оид талаблар мунтазам равишда бузиб келингани маълум бўлди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекциясининг Тошкент вилояти бўлими томонидан Оҳангарон туманида жойлашган “Қ.К.” МЧЖда давлат назорати текшируви ўтказилди.
Текширув давомида қатор қонунбузарликлар аниқланди. Корхонада ғишт маҳсулотлари назоратсиз қабул қилинган.
Мазкур меъёрий ҳужжат талабларига зид равишда маҳсулотларнинг сув сингдирувчанлиги, оҳак қўшимчалари мавжудлиги, совуққа чидамлилиги ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича даврий синовлар ўтказилмаган.
Бундан ташқари, корхонада меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган бошқа ҳолатлар ҳам аниқланиб, бу орқали Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилгани маълум бўлди.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан корхонанинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Шу билан бирга, мазкур маҳсулотни реализация қилиш вақтинча тақиқланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан корхонага тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА