Ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, қомусий олим ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган тадбирлар Андижон шаҳридаги Бобур номидаги миллий истироҳат боғи – Боғи Бобурда халқ сайли, адабиёт байрами тарзида бўлиб ўтмоқда.
Боғи Бобурда савдо ярмаркалар, китоблар, ёш мусаввирларнинг ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилди. Вилоят театрлари санъаткорлари томонидан Бобур ҳаёти ва ижодига оид саҳна кўринишлари, бадиий жамоаларнинг концерт дастурлари намойиш этилди.
Ўқув юртлари талабалари, умумтаълим мактаблари, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари Бобурнинг гўзал рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиди.
Адабиёт байрами тадбирида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, бобуршунос олимлар, хорижлик меҳмонлар, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирокида Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди, улуғ шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Байрам тадбирида сўз олган вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, мисрлик бобуршунос олим, профессор Хашим Исмоил ва бошқалар улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан яратилган нодир, бебаҳо бадиий ва илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг юксалтиришдаги аҳамияти, ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш ҳақида гапирди.
Ташкил этилган ғазалхонликда вилоятдаги корхона, ташкилот, таълим муассасалари вакиллари Бобур ғазалларини ифодали ва чиройли айтиш бўйича баҳслашди.
[gallery-27666]
Байрам тадбирларида ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари иштирокида мушоиралар, Бобур ижодига бағишланган давра суҳбатлари, таниқли ижодкорлар билан учрашувлар ўтказилади. Театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилади, мумтоз куй-қўшиқлар янграйди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.