“Истеъмолчилар уйи” фойдаланишга топширилди
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан янгидан қуриб битказилган замонавий “Истеъмолчилар уйи” очилди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Бурхонжон Қўлдошев, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Зокиржон Раҳмоновлар мазкур бино нафақат янги инфратузилма объекти, балки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқувчи муҳим институционал марказ сифатида аҳамият касб этишини таъкидлашди.



“Истеъмолчилар уйи” аҳолига қулай ва очиқ хизмат кўрсатиш маркази сифатида ташкил этилди. Унда фуқароларнинг мурожаатлари, ариза ва шикоятлари тезкор қабул қилинади, бепул ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилади, низоли ҳолатларни судгача ҳал этиш ва медиатив хизматлар йўлга қўйилади.



Бу ерда, шунингдек, электрон хизматлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА