ШҲТ мамлакатлари юридик олий таълим муассасалари ассоциацияси форуми бўлиб ўтди
Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида “ШҲТ ташаббусларини амалга оширишда юридик олий таълим муассасалари ассоциациясининг роли” мавзусида ШҲТ мамлакатлари юридик олий таълим муассасалари ассоциацияси форуми бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти вакиллари ҳам иштирок этди.
Хусусан, Институт директорининг биринчи ўринбосари Р.Хурсанов “ШҲТ маконида юридик кадрлар тайёрлаш: янги ёндашувлар, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусидаги маъруза билан қатнашиб, юридик таълимни модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини тақдим этди.

Шунингдек, делегация аъзолари тадбирларда фаол иштирок этиб, ШҲТ давлатлари юридик таълим муассасалари ўртасидаги илмий ва академик ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Форум доирасида юридик таълимни ривожлантириш, илм-фан ва амалиёт интеграцияси, интеллектуал мулк, сунъий интеллект, сармоя ҳуқуқи ҳамда ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Г.Бобоева, ЎзА