Иш ҳақини ҳисобга олишдаги ўзгаришлар пенсия миқдорига қандай таъсир қилди?
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва пенсия тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу борада амалга оширилган муҳим ўзгаришлардан бири пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегарасини ошириш бўлди.
2023 йилдан бошлаб мазкур кўрсаткич пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ўн икки бараваригача оширилди. Бу эса пенсия ҳисоблашда фуқароларнинг меҳнат фаолияти ва расмий даромадини тўлароқ инобатга олиш имконини яратди.
Дастлаб ушбу ўзгариш натижасида 370 минг нафардан ортиқ фуқаронинг пенсияси ўртача 400 минг сўмга ошган бўлса, бугунги кунда мазкур чора 520 минг нафар пенсия олувчининг ойлик тўлови ўртача 600 минг сўмга кўпайишига хизмат қилди.
Масалан, 2023 йил 1 январь ҳолатига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 324 минг сўмни ташкил этган. Аввалги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг энг юқори миқдори 3 миллион 240 минг сўм бўлган. Талаб этиладиган иш стажига эга фуқаро (эркаклар учун 25 йил, аёллар учун 20 йиллик иш стажи) учун бу асосда 1 миллион 782 минг сўм пенсия ҳисобланган.
Янги тартиб жорий этилгач, ҳисоблаш учун олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси 3 миллион 888 минг сўмга етди. Натижада худди шу иш стажига эга фуқаронинг пенсияси 2 миллион 138 минг сўмни ташкил этди. Бу эса ойлик пенсия миқдори 356 минг сўмга кўпайганини англатади.
Шунингдек, белгиланган иш стажидан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил учун пенсия миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг яна 1 фоизи миқдорида ошириб борилади.
Пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг юқори чегарасини белгилаш амалиёти халқаро тажрибада ҳам кенг қўлланилади. Германия, Франция, Австрия, Испания, Бельгия, Швеция, Норвегия ва Швейцария каби давлатларда пенсия тайинлашда фуқаронинг барча даромади эмас, балки белгиланган чегара доирасидаги қисми ҳисобга олинади. Халқаро амалиётда бу механизм “pensionable earnings ceiling” деб аталади.
Мутахассислар таъкидлашича, пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ошириш меҳнатга яраша ижтимоий таъминот тамойилини мустаҳкамлаш, расмий иш ҳақини кўрсатишга рағбатни кучайтириш ва фуқароларнинг кўп йиллик меҳнатини муносиб баҳолашга хизмат қилади.
2026 йил 1 июль ҳолатига пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори 6 миллион 48 минг сўмни ташкил этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА