Шахмат: Университет жамоалари ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилади
Халқаро шахмат федерацияси университет жамоалари ўртасида ФИДЕ жаҳон чемпионатининг ўтказилиш манзили ва саналарини эълон қилди.
Ўнга кўра, мазкур жаҳон чемпионати жорий йилнинг 3-10 август кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ташкил этилади. Дунё биринчилигининг мукофот жамғармаси 256 минг евро этиб белгиланган.

Шу кунларда уч босқичда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида қатнашадиган университет жамоалари ўз талабномаларини тақдим этмоқда. Улар орасида Самарқанд давлат педагогика университети жамоаси номи ҳам қайд этилган.
Айтиш лозим, 27 апрель ва 4 май кунлари швейцарча тизимдаги биринчи ва иккинчи босқич онлайн саралаш мусобақалари бўлиб ўтади.
Ушбу босқичлардан муваффақиятли ўтган 8 та жамоа ҳамда ФИДЕ ва ташкилотчилар томонидан таклиф этилган 8 та жамоа, яъни умумий 16 та университет жамоалари жаҳон чемпионатининг финал босқичида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Чемпионатда 1-ўринни эгаллаган жамоа 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 ва 3-ўриндан жой олган жамоа эса 10 минг евро билан тақдирланиши белгиланган.
Т.Рўзиев,
ЎзА