Самарқанд – жаҳон триатлон юлдузларини чорлади
Самарқандда 25-26 апрель кунлари ўтказиладиган триатлон бўйича жаҳон чемпионати (World Triathlon Championship Series – 2026) ва паратриатлон бўйича жаҳон кубоги (World Triathlon Para Series – 2026) олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ва триатлон юлдузлари иштирок этган матбуот анжуманида жаҳон триатлон ташкилоти (World Triathlon) ҳомийлигида ташкил этилаётган ушбу нуфузли чемпионат халқаро триатлон пойгалари сериясининг энг юқори поғонаси бўлиб, Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилаётгани таъкидланди.
– Мазкур турнир жаҳон триатлон чемпионатининг биринчи серияси бўлиб, Самарқанддан бошланмоқда ва йил давомида дунёнинг турли мамлакатларида бир неча босқичлари ўтказилади, – дейди Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун. – Унда 30 га яқин давлатдан дунё рейтингида юқори ўринларда турган 98 нафар, жумладан, бир нафар ўзбекистонлик кучли атлетлар иштирок этади. Паратриатлонда эса 55 нафар спортчи қатнашиши кутилмоқда. Умуман 25-26 апрель кунлари 700 нафардан ортиқ ҳаваскор ва профессионал спортчилар Самарқандда ўз маҳоратини кўрсатади. Ушбу мусобақа Самарқанднинг нафақат Марказий Осиёда, балки халқаро спорт майдонида ҳам ривожланаётган жаҳон триатлон маркази сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, нуфузли спорт тадбири дунё бўйича энг гўзал шаҳарлардан бирида спорт, маданият ва тарихни бирлаштиради.
Матбуот анжуманида триатлон бўйича халқаро мусобақалар Самарқандда аввал ҳам юқори савияда ташкил этилгани ва 2024 йилда биринчи марта ўтказилган жаҳон кубоги жаҳон триатлон ташкилоти, хорижлик спортчилар ва мухлислар томонидан юқори баҳолангани қайд этилди.
Мусобақа иштирокчилари “World Triathlon Championship” доирасида стандарт масофада 1,5 километр масофада сузиш, 40 километр масофада велосипед пойгаси ва 10 километрга югуриш баҳсларида қатнашади.
[gallery-28959]
“World Triathlon Para Cup”да эса турли тоифадаги пара-атлетлар, хусусан, жисмоний чекловларга эга атлетлар ( PTS2-3-4-5), ногиронлик аравачасидаги атлетлар (PTWC) ва кўриш қобилияти чекланган атлетлар ўз гидлари билан (PTVI) спринт масофасида (750 метрга сузиш, 19 километр велопойга, 5 километрга югуриш) иштирок этади.
– Самарқандда иккинчи марта нуфузли мусобақада қатнашяпман, – дейди ўзбекистонлик триатлончи Жереми Куиндиос. – Албатта, эртанги баҳслар қизғин курашларга бой ўтиши кутилмоқда. Мен ҳам турнирда юқори натижа учун кураш олиб бораман ва бунинг учун яхши тайёргарлик кўрганман.
Триатлончилар мусобақа давомида “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳудуди, эшкак эшиш канали, “Боқий шаҳар” мажмуаси бўйлаб белгиланган масофани босиб ўтади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари