Шарифа Давронова яна барчадан устун келди
Енгил атлетикачимиз Шарифа Давронова АҚШнинг Орегон университети жамоаси сафида талабалар ўртасидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишда давом этмоқда.
27–30 май кунлари NCAA чемпионатининг финал босқичига саралаш вазифасини ўтаган Ғарбий минтақадаги олий таълим муассасалари жамоалари ўртасида баҳслар ташкил этилди.
Аёллар ўртасида уч ҳатлаб сакраш баҳсларида 48 нафар спортчи иштирок этди. Саралаш натижаларига кўра, энг яхши кўрсаткич қайд этган 12 нафар атлет ҳал қилувчи босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Қувонарлиси, ҳамюртимиз Шарифа Давронова 13,92 метр натижа билан барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Бу унинг талабалар чемпионатларидаги кетма-кет иккинчи ғалабаси бўлди.
Аввалги дебют мусобақасида ҳам тенгсиз бўлган Ш.Давронова яна бир бор ўзининг юқори спорт маҳоратини намоён этди.
Энди 10–13 июнь кунлари Орегон штатининг Южин шаҳрида жойлашган Орегон университети стадионида NCAA финал баҳслари бўлиб ўтади. Унда ҳар бир йўналиш бўйича Ғарбий ва Шарқий минтақалардан сараланган 12 нафардан спортчи чемпионлик учун кураш олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА