Руслан Саъдуллаев Осиё чемпионига айланди
Ҳон Конгда енгил атлетика бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учун муваффақиятли ўтмоқда.
Осиё чемпионатининг йигитлар ўртасидаги найза улоқтириш баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Руслан Саъдуллаев барча уринишларини муваффақиятли бажарди.
Ҳамюртимиз ҳар бир чиқишида натижасини яхшилаб борди ва тўртинчи уринишдан сўнг 75,01 метр натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди.
Шу тариқа, Руслан Саъдуллаев мамлакатимиз делегациясига мусобақадаги дастлабки олтин медални тақдим этди.
Эрталабки дастурда яна бир атлетимиз Садафбону Нусратиллоева 5000 метрга югуриш финалида қатнашди ва 18 дақиқа 08.17 сонияда маррага учинчи бўлиб етиб келди. Шу билан Садафбону Нусратиллоева чемпионатдаги иккинчи бронза медалини қўлга киритди.
Маълумот учун, айни дамда термамиз ҳисобидаги медаллар сони 1 тадан олтин ва кумуш ҳамда 3 та бронзани ташкил этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА