Қорақалпоғистонлик ёш спортчиларга байрам туҳфаси
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Қорақалпоғистон Республикасида спорт соҳасини янада ривожлантириш, ёш спортчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Спорт вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги спорт-таълим муассасаларини замонавий спорт анжомлари, жиҳозлари ҳамда махсус спорт кийимлари билан таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Айни пайтда ажратилган спорт инвентарлари, жиҳозлари ва махсус кийим-кечаклар Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидаги спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактабларига белгиланган тартибда етказиб берилмоқда.
Замонавий спорт жиҳозларининг муассасаларга етказилиши ёш спортчиларнинг сифатли ва самарали машғулотлар ўтказиши учун яратилган шароитларни янада яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, ўқув-машғулот жараёни самарадорлигини ошириш, спорт турларини кенг ривожлантириш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, юқори спорт натижаларига тайёрлаш учун янги имкониятлар яратади.
Эътибор ва ғамхўрликнинг бундай амалий ифодаси Қорақалпоғистонлик ёш спортчилар учун Мустақиллик байрами арафасида муносиб туҳфа бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА