Суперлига: “Навбаҳор” учинчи ўринга кўтарилди
Муҳим учрашувда керакли натижага эришган “Навбаҳор” жамоаси очколари сонини 31 тага етказиб, Суперлига жадвалида учинчи ўринга кўтарилди.
Футбол бўйича мамлакат миллий чемпионати Суперлигасининг 17-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қабул қилди. Ғоят қизғин, муросасиз ва драматик тарзда кечган ўйин голларга бой бўлиб, дарвозаларга еттита тўп киритилди.
Яшил майдонни тўлдирган мухлисларнинг ўзига хос қўллаб-қувватлашидан руҳланган мезбонлар фаоллик билан бошлади. 5-дақиқада Муҳаммадали Ғиёсов ҳисобни очган бўлса, 19-дақиқада эса кейинги турларда “иштаҳаси очилаётган” Ҳусайн Норчаев пенальтидан аниқ фойдаланиб, фарқни оширди.

Бироқ биринчи бўлимнинг охирги ўн дақиқасида устунликни сусайтирган “Навбаҳор” вакиллари дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Ўйинда туб бурилишга интилган “Қалдирғоч”лар 38-дақиқада Сардор Абдунабиевнинг жарима майдончаси ичидан йўллаган ажойиб зарбасидан сўнг, ўртадаги тафовутни қисқартирди.
Иккинчи тайм аввалгисидан-да кескинлик тусини олди. Гоҳ у, гоҳ бу дарвозаларга голлар урилди. Бу гўёки “қувлашмачоқ ўйини”ни эслатиб юборди. 53-дақиқасида “Бунёдкор”нинг россиялик легионери Дмитрий Плетнев Ўткир Юсупов қўриқлаётган “Лочинлар” дарвозасини “ўққа тутиб”, ҳисобни тенглаштирди.

Шундан сўнг рақиб жарима майдончаси ичида хавфли вазиятни юзага келтирган Темур Кападзе шогирлари кўп ўтмай яна олдинги ўтиб олишди. Захирадан ўйинга қўшилган Русланбек Жиянов чап қанотдан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегди, ундан қайтган тўпни 63 дақиқада Диёр Холматов пойтахтликларнинг италиялик посбони Федерико Боттини доғда қолдирди. Орадан бор йўғи етти дақиқа ичида ирода кўрсатган “Бунёдкор” захира кучлари вакили Фахриддин Муҳаммадовнинг фаоллиги эвазига гол уриб, ўйин шиддатини янада оширди.

Табиийки, жанговар дуранг натижа ҳам майдон эгаларини мутлақо қониқтирмасди. Бу борада “Лочинлар”га 89-дақиқада юзага келган энг ҳаяжонли лаҳза асқотди. Рақиб жарима майдонида қўл билан ўйнаш ҳолати қайд этилиб, “Навбаҳор” фойдасига 11 метрлик жарима тўпи белгиланди. Пенальтини Русланбек Жиянов маромига етказиб ижро этиб, наманганликларга 4:3 ҳисобидаги қимматли ва ажойиб ғалабани тақдим этди.

Эътиборлиси шундаки, Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионга жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун 18 минг 782 нафар мухлис ташрифи кузатилди. Қизиғи ўтган турда ҳам Наманганда ишқибоз тўплаш борасида ҳам энг юқори натижа қайд этилганди. Ўшанда “Навбаҳор” – “Сурхон” учрашувини 17 минг 890 мухлис ўйингоҳдан туриб кузатганди. Демак, “Навбаҳор”чилар чиройли ўйинлари орқали мухлисларни яна стадионлар сари тўлиқ ҳолда ўтиришини таъминламоқда.

Суперлигада аввалги мавқеига қайтаётган “Навбаҳор” жамоаси навбатдаги турни ўз майдонида 21 август куни ўтказиб, унда Қаршининг “Насаф” клубини қабул қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА