Прокуратурада тил ва масъулият борасида тадбир ўтказилди
Сирдарё вилояти прокуратурасида 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан давлат тилининг нуфузини юксалтириш, она тилимиз софлигини сақлаш ва нутқ маданиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди.
«Прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш» концепцияси доирасида ташкил этилган учрашувда ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, расмий иш юритишда адабий тил меъёрларига риоя қилиш ҳамда ёш авлодда она тилига ҳурмат туйғусини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов, Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов ҳамда университет ректорининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев маърузалар билан иштирок этди.
Маърузаларда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши миллий ўзлигимизни англаш ва маънавий қадриятларимизни асраш йўлидаги муҳим тарихий воқеа экани таъкидланди. Шунингдек, давлат тилининг нуфузи унинг кундалик ҳаётда, айниқса, давлат идораларида тўғри ва самарали қўлланилиши, ҳужжатларнинг саводли расмийлаштирилиши ҳамда ходимларнинг нутқ маданиятига риоя этиши билан чамбарчас боғлиқлиги қайд этилди.

— Сирдарё вилояти прокуратурасида ўтказилган мазкур маърифий тадбир давлат тилига бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш, унинг жамиятдаги нуфузини янада юксалтириш ва ходимларнинг нутқ маданиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, тил миллатнинг маънавий қиёфаси, миллий ўзлиги ва тарихий хотирасини намоён этувчи бебаҳо бойликдир. Айниқса, давлат идораларида она тилимиз меъёрларига риоя қилиш, расмий мулоқот ва иш юритишда унинг имкониятларидан тўғри фойдаланиш ҳар бир ходимнинг касбий масъулияти ҳисобланади. Бундай учрашувлар тилга эътиборни кучайтириш баробарида, уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга бой мерос сифатида етказиш масъулиятини ҳам оширади, — деди Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов.

Учрашув давомида вилоят прокуратураси бўлим ва тармоқ раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 14 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ЎРҚ-1181-сон Конституциявий Қонуни ҳамда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1180-сон Қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар давлат тилининг нуфузини мустаҳкамлаш, она тилимиз софлигини асраш ва унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири