Темурийлар тарихи давлат музейи 30 ёшда(+видео)
2026 йил 15 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ҳамда музей ташкил топганининг 30 йиллигига бағишланган “Темурийлар мероси — миллий ифтихор ва умумбашарий қадрият”мавзусида илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида “Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг умумбашарий аҳамияти” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди. Унда олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар ҳамда илмий ва маданий муассасалар вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Темурийлар даврининг илмий-маданий муҳити, тарихий манбалари, давлат бошқаруви, тиббиёт масканлари ва ёзма меросига оид масалалар муҳокама қилинди. Маърузаларда Амир Темур салтанати тарихи, Ҳиротнинг илмий-маданий муҳити, Алишер Навоий ижодига оид қўлёзмалар ҳамда музей фондида сақланаётган тарихий ҳужжатларнинг илмий аҳамияти ёритилди.
Тадбир давомида музейнинг 30 йиллик фаолиятига бағишланган “Соҳибқирон тарихини жамлаган музей” номли фото кўргазма намойиш этилди. Унда музейнинг ташкил топиши, ривожланиш босқичлари ҳамда тарихий-маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги фаолияти акс эттирилди. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва тараққиёт жараёнларига бағишланган “Янги Ўзбекистон шукуҳи” фото кўргазмаси ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Конференция қатнашчилари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозитсияси билан танишиб, даврнинг сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий ҳаётини акс эттирувчи тарихий экспонатларни томоша қилдилар.
Миллий амалий санъат анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш мақсадида “Бухоро зардўзлик санъати: миллий мерос ва замонавий ижодий ёндашув” мавзусида маҳорат дарси ҳам ўтказилди. Унда зардўзлик санъатининг ўзига хос хусусиятлари, анъанавий безак усуллари ва замонавий ижод билан уйғунлиги намойиш этилди.
Мазкур илмий-маърифий тадбир Амир Темур ва Темурийлар даврининг бой тарихий-маданий меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон сивилизатсияси тараққиётидаги ўрнини кенг тарғиб этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда тарихий хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Меҳрожиддин Умурзаков, Ойбек Давронов, Искандар Исматов, ЎзА