Ўзбекистонда вазирлик лавозимларида аёллар улуши неча фоизни ташкил этади?
Гендер тенглик тушунчаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, меҳнат, маданият, таълим, илм-фан, спорт ва соғлиқни сақлашда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ, масъулият ва имкониятларга эга бўлишини англатади.
Глобал гендер тафовути индексида Ўзбекистон нечанчи ўринда туради ?
Аслида гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги инсоннинг асосий ҳуқуқларидан биридир. Сўнгги тадқиқотларга кўра, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизи саналади.
Жаҳон иқтисодий форуми томонидан Global Gender Gap Report — Глобал гендер тафовути индексининг 20-нашри эълон қилинди. Бу йилги ҳисобот 145 та давлат ва иқтисодиётда аёллар ҳамда эркаклар ўртасидаги имкониятлар фарқини иқтисодий иштирок, таълим, саломатлик ва сиёсий ваколатлар бўйича баҳолади.
Рейтингда Ўзбекистон 110-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг умумий гендер паритети кўрсаткичи 0,682 баллни ташкил этди. Бир йил аввал эса Ўзбекистон 148 та давлат орасида ҳам 110-ўринда қайд этилган, индекс қиймати 0,678 балл бўлган. Демак, рейтингдаги ўрин ўзгармаган бўлсада, умумий кўрсаткич 0,004 баллга яхшиланган. Бироқ мамлакатдаги вазиятни фақат умумий рейтинг орқали баҳолаб бўлмайди. Индекснинг алоҳида йўналишлари турлича манзарани кўрсатмоқда.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб қўйилган. Хусусан, қонунийлик — барча қарор ва ҳаракатлар қонунчиликка мувофиқ бўлиши, демократия — хотин-қизлар ва эркакларнинг жамият ва давлат ишларида тенг иштирок этиши, очиқлик — гендер сиёсати ва қабул қилинаётган қарорлар ҳақида ахборотдан фойдаланиш имконияти ҳамда ошкоралик — давлат органлари фаолияти, натижалар ва муаммоларнинг жамоатчиликка маълум қилиниши керак. Бош қомусимиз ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам хар иккала жинс эгаларининг тенглиги кафолатланган.
Ўзбекистоннинг энг юқори кўрсаткичларидан бири таълим соҳасида қайд этилган. Таълим даражаси бўйича гендер паритети 0,997 баллни ташкил этиб, мамлакат 54-ўринни эгаллаган. Ўтган 2025 йилда мазкур кўрсаткич 0,998 балл ва 43-ўринни ташкил этган эди. Яъни балл деярли ўзгармаган ва таълимда аёллар ҳамда эркаклар ўртасидаги тенглик жуда юқори даражада сақланиб қолган. Бироқ рейтингда 11 поғона пасайиш кузатилган.
2026 йилда Ўзбекистонда иқтисодиётда фарқ йўналишдаги кўрсаткичи 0,562 баллни ташкил этиб, 124-ўрин қайд этилган. 2025 йилда эса 0,558 балл билан 123-ўринда бўлган. Шундай қилиб, кўрсаткич 0,004 баллга яхшиланган бўлсада, мамлакатнинг рейтингдаги ўрни бир поғона пастлаган. Бу йўналиш ҳали ҳам гендер тафовути энг кўп сезиладиган соҳалардан бири эканини кўрсатади.
“Соғлиқ ва омон қолиш” субиндексида Ўзбекистон 0,956 балл билан 137-ўринни эгаллаган. 2025 йилда бу кўрсаткич 0,955 балл ва 141-ўрин эди, бир йилда мамлакат 4 поғона юқорига кўтарилган. Шу билан бирга, ушбу йўналиш ичида ҳам фарқ бор. Соғлом умр давомийлиги кўрсаткичи 1,020 баллни ташкил этган бўлса, туғилишдаги жинслар нисбати 0,928 балл билан анча паст натижани қайд этган. Мазкур индикатор бўйича Ўзбекистон 141-ўринда.
Ўзбекистоннинг энг сезиларли ижобий силжишларидан бири сиёсий ваколатларни кенгайтириш йўналишида кузатилган. 2026 йилда бу субиндекс бўйича мамлакат 0,213 балл билан 74-ўринни эгаллади. 2025 йилда эса 0,202 балл ва 82-ўрин қайд этилган. Шундай қилиб, бир йил ичида рейтингда 8 поғоналик ўсиш кузатилган. Парламентда аёллар улуши 39,19 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 28-ўринда. Бироқ юқори лавозимларга келганда рақам анча фарқ қилади. Вазирлик лавозимларида аёллар улуши 5 фоизни ташкил этган ва мамлакат ушбу кўрсаткич бўйича 138-ўринни эгаллаган.
Жаҳон иқтисодий форумининг 2026 йилги ҳисоботига кўра, глобал гендер тафовутининг 69,2 фоизи ёпилган. Бироқ тўлиқ тенгликка эришиш ҳали узоқ жараён бўлиб қолмоқда. Ҳисоботда бугунги суръат сақланган тақдирда, дунёда тўлиқ гендер паритетига эришиш учун тахминан 120 йил керак бўлиши қайд этилган. Ҳисоботнинг 20 йиллик таҳлили яна бир муҳим жиҳатни кўрсатади: гендер тенглиги фақат таълимдаги тенг имконият билан чекланмайди. Аёлларнинг иқтисодий имкониятлари, раҳбарлик лавозимларидаги иштироки ва қарор қабул қилиш жараёнларидаги ўрни ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон мисолида ҳам рақамлар шуни кўрсатмоқда: таълимда гендер паритети деярли тўлиқ таъминланган бир пайтда, иқтисодий имкониятлар ва юқори даражадаги раҳбарлик лавозимларидаги иштирок бўйича фарқ ҳали ҳам мавжуд.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА