Ўзбекистонда газ қозонларини синовдан ўтказувчи илк замонавий лаборатория иш бошлади
Ўзбекистонда энергия самарадорлиги ва маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири амалга оширилди. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида UNG PETRO компанияси билан ҳамкорликда газсимон ёқилғида ишлайдиган замонавий иситиш қозонларини синовдан ўтказишга ихтисослаштирилган лаборатория фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур лаборатория мамлакатимизда биринчи марта газсимон ёқилғида ишлайдиган иситиш қозонларининг хавфсизлик, энергия самарадорлиги ва экологик кўрсаткичларини комплекс баҳолаш имконини берувчи замонавий синов базаси сифатида ташкил этилди.

Бугунги кунда табиий газ аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Янги лабораторияда иситиш қозонларининг техник хусусиятлари, хавфсизлик даражаси, энергиядан фойдаланиш самарадорлиги ва атроф-муҳитга таъсири халқаро стандартлар ҳамда техник регламентлар талаблари асосида баҳоланади. Хусусан, маҳсулотларнинг газ сарфи, иссиқлик унумдорлиги, автоматик бошқарув тизимлари, фавқулодда ҳолатларда ҳимоя функциялари ва чиқинди газлар кўрсаткичлари махсус синовлар орқали аниқланади.
Ушбу лабораториянинг ишга туширилиши ички бозорда муомалага чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш билан бирга, аҳолига ишончли ва сифатли маҳсулотларни етказиб бериш имкониятларини кенгайтиради.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, лаборатория Европа стандартлари талабларига мувофиқ синовларни амалга ошириш имкониятига эга. Бу орқали энергия самарадорлиги паст, техник ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг ички бозорга кириб келишининг олди олинади.
Шунингдек, мазкур синов базаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам кенг имкониятлар яратади. Энди корхоналар ўз маҳсулотларини халқаро талаблар асосида баҳолаш, мувофиқлик даражасини аниқлаш ва экспорт бозорларига чиқиш учун зарур бўлган техник асосларга эга бўлади. Бу эса миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Замонавий лабораториянинг фаолият бошлаши мамлакатимизда сифат инфратузилмасини ривожлантириш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ушбу ташаббус нафақат истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, балки маҳаллий саноатнинг технологик ривожланиши ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА