Қашқадарёда имконияти чекланган ёшлар ўртасида шахмат мусобақаси ўтказилди
Қарши шаҳрида имконияти чекланган ёшлар ўртасида Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги учун шахмат мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақада вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан келган 150 нафардан ортиқ ёш иштирок этиб, интеллектуал салоҳият, мантиқий фикрлаш ва стратегик ёндашув борасида ўзаро беллашди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, интеллектуал қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Мусобақа давомида иштирокчилар ўз маҳоратини намоён этиб, ғолиблик учун қизғин кураш олиб борди.
Якунда юқори натижаларни қайд этган ёшлар Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшларнинг спорт, таълим ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА