Ўзбекистон ва Ҳиндистон: саломатлик йўлидаги глобал ҳамкорлик ва инновациялар трансфери
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолини сифатли дори-дармон ва замонавий тиббий техника билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада дунёда тиббиёт ва фармацевтика саноати жадал ривожланган, глобал миқёсда "дунё дорихонаси" дея эътироф этиладиган Ҳиндистон билан тажриба алмашиш ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ҳиндистон тиббиёти нафақат арзон ва сифатли дори воситалари ишлаб чиқариш, балки юқори технологик жарроҳлик, рақамлаштирилган клиник бошқарув ҳамда нутрицевтика (соғлом ҳаёт учун биоқўшимчалар) соҳасида ҳам дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бундай улкан тажрибани мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига трансфер қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали импорт боғлиқлигини камайтириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш Ўзбекистон учун беқиёс имкониятлар эшигини очади.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ҳудудларда янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистонга хизмат сафарини амалга оширди. Мумбай ва Ҳайдаробод шаҳарларида кечган сермазмун музокаралар, шунингдек, нуфузли "Nutrify C-Suite 2026" халқаро конференциясидаги иштирок соҳадаги икки томонлама муносабатларни амалий мазмун билан бойитди.

Давлатлараро ва ҳудудлараро стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида делегация вакиллари Ҳиндистоннинг иқтисодий ва саноат жиҳатдан энг илғор ҳудудлари раҳбарияти билан олий даражадаги учрашувларни ўтказди. Хизмат сафари давомида Маҳараштра штати ҳукуматининг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (FDI) ва диаспора масалалари бўйича котиби доктор Раджеш Гаванде ҳамда штат Бош вазири ўринбосарининг стратегик маслаҳатчиси доктор Сантош Бхосале билан учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, ҳамкорлик ришталарини янада кенгайтириш мақсадида Телангана штати Бош вазири ўринбосари Маллу Бхатти Викрамарка билан ҳам муҳим мулоқот ташкил этилди. Ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбаев ҳам иштирок этиб, Телангана штати Бош вазири ўринбосарини Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форумига таклиф қилди. Бу каби ҳукумат даражасидаги мулоқотлар ҳиндистонлик инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига бўлган ишончини ошириш ва икки томонлама савдо-иқтисодий кафолатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сафар давомида энг замонавий тиббий ечимларни ўрганиш мақсадида Ҳиндистоннинг етакчи кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидан бири бўлган “AIG Hospitals” клиникаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Экскурсия давомида шифохона вакиллари замонавий тиббий технологиялар, клиникани рақамли бошқариш, даволаш жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш тизимини тақдим этди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижлик ҳамкорларга берилаётган давлат имтиёзлари ҳақида маълумот бериб, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва соҳага илғор шифохона бошқаруви тажрибасини жалб этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Тиббиёт саноатида юқори технологияларни жорий этиш ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида Мумбай шаҳрида Ҳиндистоннинг нуфузли "Global Panacea" ҳамда "Cancare Medical Technologies Pvt. Ltd." компаниялари раҳбарияти билан музокаралар олиб борилди. Инвестицияларни жалб қилиш ва технологиялар трансферига қаратилган ушбу учрашувлар натижасида аҳолининг замонавий ва арзон тиббий жиҳозлардан фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди.
Ҳиндистоннинг фармацевтика маркази ҳисобланган Ҳайдаробод шаҳрида эса дунёга машҳур "Dr. Reddy’s Laboratories" компанияси бош ижрочи директори М.В. Рамана билан учрашув ўтказилди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ва юртимизда барпо этилаётган янги "BioPharma City" фармацевтика кластери лойиҳасини тақдим этди. Ўзбекистон тиббиёт бозорининг жадал суръатларда ривожланаётганини юқори баҳолаган компания раҳбарияти билан фармацевтика тармоғини кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, "Malaxmi Group" компанияси бошқарув раиси Хариш Чандра Прасад билан учрашувда соғлиқни сақлаш ва инвестициялар соҳасидаги шериклик истиқболлари кўриб чиқилди.
Сафарнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати, соғлом турмуш тарзи ва касалликларнинг олдини олишда муҳим ҳисобланган нутрицевтика йўналишига қаратилди. "Nutrify C-Suite 2026" халқаро конференцияси доирасида "Nutrify Today" компанияси асосчиси ва бош директори Амит Шривастава билан учрашув ўтказилиб, Ўзбекистоннинг "BioPharma City" кластери ва "Nutrify Today" ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Инвестицияларни жалб этиш, технологиялар трансфери ва Ўзбекистонни нутрицевтика соҳасида инновациялар учун халқаро майдон сифатида тарғиб қилиш орқали мамлакатимизнинг ушбу янги тармоқдаги ўрнини халқаро бозорда мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу кенг қамровли учрашувлар, имзоланган ҳамкорлик меморандумлари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати жаҳоннинг етакчи марказлари учун нақадар жозибадор ва истиқболли шерикка айланиб бораётганини кўрсатди. Ҳиндистоннинг ҳукумат вакиллари, тиббиёт гигантлари, илғор клиникалари ва инновацион компаниялари билан эришилган келишувлар яқин келажакда юртимизда инновацион технологияларни жорий этиш, маҳаллий дори воситалари турини кўпайтириш ва пировардида халқимизга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА