Ўзбекистон ва Афғонистон: Ҳамкорликнинг янги қирралари
Андижон вилояти делегациясининг Кобулга ташрифи нафақат тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлади, балки Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига йўл очди.
Ўзаро алоқалари нафақат яхши қўшничилик, балки асрларга туташ муштарак тарих ва маданиятга таянадиган бу икки давлат бугунги кунда минтақавий барқарорлик ва ривожланиш йўлида янгича стратегик шериклик шаклини яратмоқда. Шу маънода делегациямиз маънавий бирдамликнинг ёрқин ифодаси сифатида Кобулга ташрифи давомида Бобур мақбарасини зиёрат қилгани эътиборга молик. Буюк бобокалонимиз хотирасига кўрсатилган эҳтиром халқларимиз дўстлигининг тарихий илдизи нақадар мустаҳкам эканини яна бир бор намойиш этди.
Ушбу мустаҳкам ишонч пойдеворида ҳозир кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Кобул шаҳрида ташкил этилган Андижон маҳсулотлари кўргазмаси бу борада дадил амалий қадам бўлди. Кўргазмада вилоят экспорт салоҳиятини акс эттирувчи 150 дан зиёд маҳсулот тури – озиқ-овқат, қурилиш материаллари, маиший техника ва уй-рўзғор буюмлари тақдим этилди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов иштирокидаги музокаралар тадбиркорларимиз учун яна бир йирик янги бозор эшигини очди.
Мулоқот давомида иқтисодий алоқаларни соддалаштиришга қаратилган қатор муҳим масалалар ҳал этилди. Хусусан, виза тартибини енгиллаштириш, ўзаро ҳисоб-китоб механизмини такомиллаштириш ва дори-дармон айирбошлашни йўлга қўйишга келишилди. Шунингдек, пахта учун уруғ таъминоти ва цемент маҳсулотлари ташиш имкониятини кенгайтириш масаласи атрофлича кўриб чиқилди.
Аграр соҳадаги ҳамкорлик ташрифнинг энг сермаҳсул йўналишига айланди. Мавлавий Атоуллох Умарий билан учрашувда Андижондан наслдор парранда тухуми ва кичик ҳажмли техника етказиб бериш, афғон мутахассисларини вилоят тажрибаси асосида ўқитиш бўйича қарор қабул қилинди. Ўз навбатида хориж томони Андижонда ишлаб чиқарилаётган трактор импорти ва қўшма чорвачилик фермалари ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорлиги нафақат товар айирбошлаш, балки минтақавий иқтисодий интеграциянинг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Фардона Яхшибоева, ЎзА