ТДТ мамлакатлари имтиҳон марказлари ўртасида меморандум имзоланди
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар имтиҳон марказлари ўртасида таълимда баҳолаш ва имтиҳонларни ташкил этиш соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган “Ният” меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда "Trend" ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, келишув Озарбайжон давлат имтиҳон маркази, Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги ҳузуридаги Миллий тест маркази, Қирғиз Республикаси Таълим вазирлиги тизимидаги Таълим сифатини ривожлантириш департаменти, Туркиянинг Ўлчаш, танлаш ва жойлаштириш маркази ҳамда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўртасида имзоланган.
Протокол доирасида қатор устувор йўналишлар белгиланган, жумладан, қўшма тадбирлар ўтказиш, имтиҳон тизимларини рақамлаштириш, замонавий баҳолаш платформаларини жорий этиш, тест топшириқларини тайёрлаш ва натижаларни баҳолаш жараёнларида сунъий интеллект ва бошқа илғор технологиялардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА