Осиё тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши Самарқандда ўтказилади
Шу йилнинг 3-6 май кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бошқарувчилари кенгашининг 59-йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. Унда уч мингдан ортиқ иштирокчи – банк раҳбарияти ва ҳамкор давлатлар банк-молия идоралари масъуллари, нуфузли делегациялар қатнашиши кутилмоқда.
Айни пайтда “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳамда шаҳарнинг бошқа объектларида ушбу нуфузли анжуманга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада махсус штаб ташкил этилиб, белгиланган вазифаларнинг бажарилиши кунлик мониторинг қилинмоқда.
Жумладан, форум иштирокчиларига транспорт хизмати кўрсатиш йўналишида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси маълумотларига кўра, хизмат кўрсатиш режаси ишлаб чиқилиб, аэропорт ва темирйўл вокзалларида кичик штаблар ташкил этилди. Айнан ушбу дарвозалар орқали кутиб олинаётган меҳмонларни улар жойлашадиган меҳмонхоналарга етказиб қўйиш учун транспорт воситалари бириктирилди. 28 апрелдан ушбу объектларда иккитадан электробус ажратилди.
Тадбир иштирокчилари жойлашадиган шаҳардаги 50 та меҳмонхонани бирлаштирадиган 8 та транспорт хаби яратилиб, тадбирлар ўтадиган жойларга автобус қатнови йўлга қўйилиши белгиланган. Юқори даражали меҳмонларни кутиб олиш ва ўз манзилларига етказиш учун эса юқори қулайликларга эга транспорт воситалари бириктирилди.
Бошқарувчилар йиғилиши кунларида “Silk Road Samarqand” халқаро туризм маркази ҳудудида транспорт-логистикасини ташкил этиш мақсадида шатл-бус йўналиши ташкил этилади. Мазкур йўналишдаги электробуслар соат 7:30 дан 22:00 гача 15 дақиқалик интервал асосида ташувларни ташкил этади. Бундан ташқари, иштирокчиларни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва бошқа диққатга сазовор жойлар, меҳмонхона ва ресторанларга етказиб қўйиш учун халқаро туризм марказига 30 минутлик оралиқда электробуслар қатнови йўлга қўйилади.
Таъкидлаш лозимки, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг энг йирик молиявий шерикларидан бири бўлиб, банк томонидан сўнгги беш йилда мамлакатимизга 5,4 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилган. 2025 йилда банк портфелидаги Ўзбекистон билан боғлиқ лойиҳалар 60 га яқин бўлиб, уларнинг умумий қиймати 9,5 млрд долларни ташкил этган.
Банкнинг 2024-2028 йилларда мамлакатимиз билан ҳамкорлик стратегияси “яшил иқтисодиёт” ва инклюзив ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, энергетика (қайта тикланувчи энергия, электр тармоқлари), сув таъминоти ва коммунал хизматлар, транспорт ва логистика, таълим ва ижтимоий инфратузилма, хусусий сектор ва молиявий тизим, экология ва “яшил” иқтисодиёт асосий йўналишлар ҳисобланади.
Бундан аввал, 2010 йилда Тошкент шаҳри Осиё тараққиёт банкининг 43-йиғилишига мезбонлик қилган эди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири