Воҳанинг инвестиция салоҳияти реал иқтисодий натижаларга айланмоқда
Сўнгги йилларда Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуддан давлат ташаббуслар хусусий лойиҳалар билан уйғун ҳолда ҳаётга татбиқ этилаётган кучли саноат-хизмат кўрсатиш хабига айланмоқда. Бундай туб ўзгаришга ҳудудда бизнес тизимли қўллаб-қувватланаётгани натижасида эришилди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ушбу тизимнинг асосий бўғини бўлиб хизмат қилмоқда. Навбатдаги пресс-тур давомида журналистлар кредит воситалари қандай қилиб муваффақиятли тадбрикорлик фаолияти учун замин яратаётганини билиб олиш имконига эга бўлдилар.
Молиявий ресурслар – тараққиёт драйвери
Сурхондарёдаги ўзгаришлар кўламини рақамларда яққол кўриш мумкин. “Ўзмиллийбанк” АЖнинг вилоятдаги бош бошқармаси тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган стратегик молиявий муассаса ҳисобланади. Айни пайтда 3 та марказ ва 4 та банк хизматлари офиси ҳамда 50 та банкоматдан иборат такомиллашган тармоққа эга филиал 281 мингдан ортиқ мижозга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Шундан 7,7 мингдан зиёд юридик шахс ўз бизнесини кенгайтириш имконига эга бўлди.
Филиалнинг кредит портфели 2,597 триллион сўмдан ортиқни ташкил этиб, ушбу маблағ вилоятдаги устувор йўналишларни ривожлантиришга, хусусан қарийб 500 миллиард сўм хизмат кўрсатиш соҳасига, 148 миллиард сўмдан ортиқ молиявий ресурслар саноатга, 106 миллиард қишлоқ хўжалигига, 89,6 миллиард қурилиш ва 47,9 миллиард савдо соҳасига йўналтирилди. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 322,4 миллиард сўм ажратилган. Келажакка киритилган бу сармоя натижасида 15 минг нафар бола сифатли мактабгача таълим билан қамраб олинди.
– Бошқарма замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради, – дейдиБанкнинг вилоятдаги Бош бошқармаси бош мутахассиси Мадумар Йўлдошев. – Сурхондарёдаги фуқароларга хизмат кўрсатиш шохобчаларида 120 нафар малакали ходим фаолият юритмоқда. Аҳолини тадбиркорликка фаол жалб қилиш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида олий ўқув юртлари битирувчиларининг инновацион бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш учун банк томонидан 60 миллиард сўм ажратилди. Бу эртага воҳа иқтисодиётининг таянчига айланадиган ёшларга киритилган сармоядир.
Президентнинг 2025 йил 14 февралдаги “ Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ олий таълим муассасалари битирувчиларининг стартап ва лойиҳаларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Сурхондарё филиали томонидан ушбу мақсадларга 17,7 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Бунинг натижасида мингга яқин битирувчининг бандлиги таъминланди.
Ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш – келажакка сармоя
Узун туманида амалга оширилган лойиҳа банк инвестиция сиёсатининг ижтимоий аҳамияти кўламига мисол бўла олади. “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида бу ерда “Сурхоним митти эркатойлари” замонавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.
– 2024 йилда 2,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли молиялаштириш олдик, – дейди боғча асосчиси Тўлқин Абдуллаев. – Ушбу маблағларни бинони қуриш ва жиҳозлашга йўналтирдик. 12 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаб, ўсиб келаётган авлод учун хавфсиз ва дўстона муҳит яратдик. Ўзимизнинг футбол майдончамиз, болаларни уйдан олиб кетадиган бепул хизмат транспортимиз бор. Ота-оналар учун қулай шароитлар яратишга интиламиз. Боғчамиз 100 ўринга мўлжалланган, лекин талаб юқори бўлганлиги сабабли Миллий банк кўмагида ўринлар сонини 250 тага етказишни режалаштиряпмиз.
Йирик корхонанинг иккинчи ҳаёти
“Ўзмиллийбанк” АЖ инвестиция портфелида йирик ишлаб чиқариш мажмуаларини соғломлаштириш режалари алоҳида ўрин тутади. “Zilantex” МЧЖ мисолида ўз вақтида кўрсатилган молиявий ёрдам орқали корхона фаолиятини сақлаб қолиш мумкинлигини кўриш мумкин. 2018 йилда ишга туширилган, кунига 35 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга, 450 нафар ишчи меҳнат қилган ушбу тўқимачилик фабрикаси маълум қийинчиликларга дуч келиб, 2024 йилда унинг фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.
– “Ўзмиллийбанк” АЖ ташаббуси билан ўтган йили заводни қайта тиклаш ишлари бошланди. Бунинг учун 22 миллион доллар айланма маблағ жалб қилинди. Натижада 2025 йилнинг сентябрь ойида корхона яна тўлиқ қувват билан ишга тушди, – дейди директор ўринбосари Акбар Қиличев. – Биз барча иш ўринларини тикладик, янги трикотаж фабрикасини очиб, яна 180 та иш ўрни яратдик. 630 киши доимий иш билан таъминланди. Ип-калаваларимизга нафақат мамлакат ичида, балки ташқи бозорларда ҳам талаб юқори.
Туризм ва барқарор ривожланиш
Воҳада туризм соҳаси ҳам изчиллик билан ривожланмоқда. Бироқ вилоятнинг ҳамма туманларида ҳам сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратилмаган. “Кимё савдо минерал қурилиш” МЧЖ ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида 2 миллиард сўм миқдорида қарз маблағини олиб, Термиз марказий трассаси бўйида меҳмонхона ва кафе барпо этди.
– Меҳмонхона ўзининг қулай жойлашуви ва экологик ёндашуви билан туристларни жалб қилади. 350 миллион сўм эвазига қуввати 30 киловатт бўлган қуёш панелларини ўрнатдик. Шу тариқа, энергия барқарорлигимиз ошиб, харажатларимиз қисқарди – дейди корхона раҳбари Холмурод Бўронов. – Ҳозирда 25 нафар ходим меҳнат қиляпти. Хона ижараси нархига шаҳар бўйлаб саёҳатлар уюштирувчи автобуслардан фойдаланиш хизмати ҳам киритилган. Кафени жиҳозлаш ишлари якунига етказляпти ва тез орада уни ишга тушириб, сайёҳлар учун тўлақонли мажмуа яратамиз. Шу билан бирга, сўнгги йилларда хорижий меҳмонлар оқими ортгани сабабли Миллий банк кўмагида бинони кенгайтириб, хоналар сонини кўпайтиришни режалаштиряпмиз.
[gallery-29045]
Халқ учун қулайлик
Давлатимиз раҳбарининг брутто-шартнома тизимини жорий этиш ташаббуси Термиз шаҳрида жамоат транспорти ривожланишига катта туртки берди. Ушбу тизимда барча тушум ваколатли давлат органи бюджетига ўтказилади, у эса, ўз навбатида, ташувчига бажарилган иш ҳажми ва хизмат кўрсатиш даражасидан келиб чиқиб, рейслар учун ҳақ тўлайди. “Термиз транспорт хизмат” МЧЖ ушбу жараённинг фаол иштирокчиси ҳисобланади.
– 16,1 миллион хитой юани миқдоридаги имтиёзли молиялаштириш ҳисобига Хитойдан 35 та автобус харид қилдик. Техникани танлашда қулайлик ва кондиционерлар сифатига алоҳида эътибор қаратдик. Сабаби, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш биз учун устувор вазифа ҳисобланади, – дейди корхона директори Умид Холимқулов. – 60 нафардан ортиқ, шу жумладан ҳайдовчи, диспетчер ва ҳамшираларнинг бандлигини таъминладик. Термиз шаҳри ва шаҳар атрофидаги ҳудудларда йўловчиларга узлуксиз хизмат кўрсатиш учун 105 та жамоат транспортига эҳтиёж мавжуд. Шу боис, ҳозирда автопаркни кенгайтириш устида ишлаб, яқин келажакда Миллий банкдан янги кредит маблағларини жалб қилишни режалаштиряпмиз.
Орзу реал ҳақиқатга айланмоқда
Сурхондарёда нодавлат соғлиқни сақлаш секторида барқарор ўсиш кузатилмоқда. 2025 йилда ўз фаолиятини бошлаган “El Sher Med” хусусий клиникаси шифокор ва тадбиркорнинг мақсадлари рўёбга чиққанининг ифодаси бўлди.
– Миллий банк томонидан ажратилган 2,2 миллиард сўмлик имтиёзли сармоя эвазига бинони сотиб олиб, юқори технологияли тиббиёт марказини очдик. 20 дан ортиқ мутахассисни ишга олдик. Ҳар куни 100 дан ортиқ беморни қабул қиламиз, – дейди клиника асосчиси Элбек Сувонов. –Кардиология, гинекология ва стоматологиядан тортиб, тор ихтисосликдаги трихология, дерматокосметология ва дерматовенерология каби энг талаб юқори бўлган йўналишларда хизмат кўрсатамиз. “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида қўшни туманда иккинчи клиникамизни очишни ҳам режалаштиряпмиз.
Термизнинг янгиланаётган қиёфаси
“Surkhon Sandwich” МЧЖ “Ўзмиллийбанк” АЖнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ишончли ҳамкорларидан ҳисобланади. Сендвич-панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод 11,4 миллиард сўмлик инвестицияни ўзлаштириб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун яна 3 миллиард сўм жалб этмоқда. Қувватларнинг ошиши маҳаллий бозорни вилоятнинг жадал ривожланаётган инфратузилмаси учун зарур бўлган сифатли материаллар билан таъминлаш имконини беради. Юқори молиявий интизом ва барқарор талаб ҳисобига ушбу лойиҳа ҳудуднинг қурилиш соҳаси драйверига айланмоқда.
Пресс-тур якуни билан бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, банк ва тадбиркорларнинг узоқ муддатли ҳамкорлиги Сурхондарё вилоятида муваффақиятли бизнес формуласининг асосидир. Молия институти стратегик маслаҳатчи ва таянч вазифасини, бизнес эса сифат ва иш ўринлари учун масъулиятни ўз зиммасига олганда, сармоялар одамлар ҳаётини тубдан ўзгартирадиган кучга айланади.
ЎзА