Оқолтинда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида 2026–2027 йиллар куз-қиш даврида ирригация-мелиорация объектларида амалга оширилаётган ишлар, сув хўжалиги иншоотларининг техник ҳолати ҳамда сувни ҳисобга олиш тизими ўрганилди.
Ўрганишлар доирасида Туман сув етказиб бериш давлат муассасаси ходимлари иштирокида Сув кодекси ва унинг мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув семинари ўтказилди. Унда сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ қонунчилик талаблари, сувни ҳисобга олиш ва сув етказиб бериш жараёнларини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июлдаги «Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида балиқчилик хўжаликлари билан сув етказиб бериш бўйича шартномаларни шакллантириш вазифалари белгиланди.
Давлат муассасаси балансидаги сув ўлчаш қурилмаларини, жумладан, вертушкаларни тарировкадан ўтказиш масаласида ISMITI билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари юзасидан тушунтиришлар тақдим этилди.
Гидрометрларда сув сарфини реал вақт режимида ўлчаш имконини берувчи сув ўлчаш қурилмаларининг турлари, уларни ўрнатиш ва фойдаланиш тартиби бўйича илмий асосланган тавсиялар тақдим этилди.
Куннинг иккинчи ярмида Оқолтин туманида 2026–2027 йиллар куз-қиш даври учун тасдиқланган режа асосида ирригация-мелиорация объектларида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Туманда мазкур даврда 4 километр ирригация тармоқлари ва магистрал каналларни тозалаш, 17 та гидротехника иншооти ҳамда 25 та гидропостни таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кластер ва фермер хўжаликларининг 50 километр ички суғориш тармоқларини механизмлар ёрдамида, 210 километр тармоқни қўл кучи билан тозалаш, 45 та хўжалик ички суғориш тармоғидаги гидротехника иншоотларини таъмирлаш ҳамда сув олиш қулоқларини жиҳозлаш белгиланган.
Айни пайтда мазкур ишлар тасдиқланган режа асосида амалга оширилмоқда.
Ўрганишлар давомида Марказий Ўнг тармоқ каналининг Бобур ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида қурилаётган янги ПВ-26 каналидаги ишлар кўздан кечирилди. Бунда бажарилаётган ишлар лойиҳа кўрсаткичларига мувофиқлиги ва каналнинг лойиҳавий параметрлари визуал равишда ўрганилди.
Қурувчи ташкилот вакиллари билан ишларни белгиланган талаблар асосида сифатли бажариш масаласи муҳокама қилиниб, объектдаги қурилиш жараёнини лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиш юзасидан зарур тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, тумандаги «Истиқлол» насос станциясининг техник ҳолати ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси ўрганилди. Насос станциясининг аванкамерасини ўт ва лойқадан тозалаш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда ёрдамчи хўжаликни ташкил этиш бўйича зарур чоралар белгиланди. Аванкамерани лойқадан тозалаш ва сув сатҳини белгиланган талаблар даражасига келтириш юзасидан илмий асосланган ёндашувлар тақдим этилди.

ПР-3-9 каналининг С. Сиддиқов ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида каналнинг техник ҳолати ҳамда унга ўрнатилган «Ақлли сув ўлчаш қурилмалари»нинг ишлаш ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш натижасида каналнинг умумий техник ҳолати қониқарли эканлиги, айрим қисмларини лойқа ва ўтлардан тозалаш зарурлиги аниқланди. Шунингдек, каналга ўрнатилган «Ақлли сув ўлчаш қурилмалари» қаровсиз қолгани ва айни вақтда ишчи ҳолатда эмаслиги маълум бўлди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан каналнинг лойқа ва ўт босган қисмларини тозалаш ҳамда сув ўлчаш қурилмаларини ишчи ҳолатга келтириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Қолаверса, каналдан сув олувчи нуқталарда сув сарфини аниқ ҳисобга олиш имконини берувчи мақбул турдаги сув ўлчаш воситаларини ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди. Қурилмаларнинг мақбул турини танлаш, уни техник жиҳатдан асослаш ва ўрнатиш ишларини ISMITI билан ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Ўрганиш якунида ирригация-мелиорация объектларида тасдиқланган режа асосидаги ишларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда сув ўлчаш қурилмаларининг ишчи ҳолатини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири