Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш: Ўзбекистоннинг 2050 йилгача бўлган тараққиёт устуворликлари белгиланмоқда
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва аҳоли эҳтиёжини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мамлакатнинг барқарор тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бу вазифаларни самарали ҳал этиш эса нафақат бугунги эҳтиёжларни, балки келгуси авлодлар манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли стратегик ёндашувни тақозо этади.
Шу мақсадда Ўзбекистонда сув хўжалиги, экология, сув таъминоти ва оқова сув хизмати соҳаларини 2050 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг 2027-2050 йилларга мўлжалланган миллий концепцияси” ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур ҳужжат М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Математик тадқиқотлар ва мураккаб тизимларни ўрганиш институти Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари, академик Владимир Львович Квинт бошчилигидаги профессор-олимлар ва халқаро экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланди.

Экспертлар гуруҳининг стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, мамлакатлар ва алоҳида тармоқларнинг узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини белгилаш борасидаги тажрибаси Концепциянинг илмий-методологик асосларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.

2025 йил октябрь ойида бошланган иш жараёнида мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилувчи 9 та контур, 43 та устувор йўналиш, 140 та мақсад ва 455 та вазифа шакллантирилди. Бу эса ҳужжат қамрови ва белгиланган вазифалар кўламини намоён этади.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Ислом Абдуллаевнинг таъкидлашича, мазкур Концепцияда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳаларини узоқ муддатли ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса соҳадаги мавжуд вазифаларни тизимли ҳал этиш, инфратузилмани такомиллаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишнинг истиқболли йўналишларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Бугун ўтказилаётган учрашувда ишлаб чиқилган Миллий концепция лойиҳаси хорижий экспертлар гуруҳи томонидан Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти вакилларига тақдим этилмоқда.

Мазкур Концепция сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳаларининг узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини белгилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА