Одил Ёқубов - ҳақиқат ва адолат куйчиси
Мамлакатимизда атоқли адиб, устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда адабий анжуманлар, ижодий учрашувлар ва маърифий мулоқотлар ўтказмоқда. Шунингдек, адибнинг бой адабий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар нашр этилмоқда. Яқинда ана шундай нашрлардан бири — Одил Ёқубов ҳақидаги хотиралар, эътирофлар ва бағишловлар жамланган китоб китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.

Одил Ёқубов ижоди инсон тақдири, виждон, адолат ва ҳақиқат каби юксак қадриятлар билан чамбарчас боғлиқ. Адибнинг ҳақиқатпарвар ижодкор сифатида қадрланиши бежиз эмас. Зеро, у ўз асарларида ҳаётни бор мураккаблиги билан тасвирлашга, инсон қалбидаги кечинмаларни, жамиятдаги муаммоларни холисона очиб беришга интилган. Унинг қаҳрамонлари тимсолида инсоннинг ички кураши, виждони билан юзма-юз қолиши, жамият олдидаги масъулияти ва адолат йўлидаги интилишлари ёрқин намоён бўлади.

Адибнинг «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Адолат манзили» каби асарларида ҳам ҳақиқат, инсонийлик ва маънавий масъулият масалалари алоҳида ўрин тутади. Айниқса, «Улуғбек хазинаси» романида буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг фожиали тақдири орқали илм-маърифат ва жаҳолат, эзгулик ва манфаатпарастлик ўртасидаги кескин зиддиятлар маҳорат билан очиб берилган. Асарни мутолаа қилар эканмиз, ҳақиқатни англаш ва уни ҳимоя қилиш ҳар доим ҳам осон бўлмаганини, бу йўлда инсондан жасорат, сабр ва мустаҳкам эътиқод талаб этилишини ҳис этамиз.
— Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов халқимизнинг энг севимли адибларидан биридир, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва публицист Дилфуза Қаршибоева. — Ҳақиқатга суянган адиб Одил Ёқубов ҳақида замондошлари хотирасида сақланиб қолган эътирофлар, эсдаликлар, ёрқин хотиралар ва бағишловлар жамланган китобнинг нашрдан чиқиши адабиёт мухлислари учун ўзига хос совға бўлди. Улуғ адиб ҳақидаги ушбу китобни устозим Орзиқул Эргашевнинг маслаҳатларига таянган ҳолда таҳрир қилиш менга насиб этганидан мамнунман.

Одил Ёқубов асарларининг умрбоқийлиги шундаки, уларда кўтарилган муаммолар, илгари сурилган ғоялар ва инсон маънавиятига доир саволлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Адиб ижоди китобхонни ҳаёт ҳақида мушоҳада юритиш, воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бериш, виждон ва адолат олдидаги масъулиятини англашга ундайди.
Устоз адибнинг юксак бадиий маҳорат билан яратилган асарлари, бой маънавий мероси ва ҳақиқатга садоқати халқимиз қалбида ҳамиша яшайди. Одил Ёқубов номини эъзозлаш, унинг ижодини ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш эса миллий адабиётимиз олдидаги муҳим вазифалардан биридир.
Н.Усмонова,
ЎзА