“Марказий Осиё+Озарбайжон” ёш сиёсатчилари Ислом цивилизацияси маркази билан танишди
Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ўзида бой тарихий, диний, илмий, маданий меросни жам қилгани билан дунё жамоатчилигининг эътиборини тортмоқда. Ташриф буюрувчиларнинг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда.
Айниқса, марказда мавжуд тарихий мерос замонавий технологиялар асосида намойиш этилгани кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда. Тарих ва замон уйғунлашган ушбу макон ҳар бир меҳмонда катта таассурот қолдириши шубҳасиз.
«Марказий Осиё ёш етакчилари» минтақавий дастури доирасида юртимизда бўлиб турган Марказий Осиё давлатлари ҳамда Озарбайжон Республикасининг ёш сиёсатчи лидерлари Ислом цивилизацияси марказига ҳам ташриф буюрди. Меҳмонлар марказ экспозициялари билан яқиндан танишиб, ушбу даргоҳ ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки минтақа халқларининг муштарак тарихий ва илмий меросини ўрганиш, ислом оламига оид билимларни тадқиқ этишда муҳим илмий марказ экани айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, ушбу маърифий маскан минтақа тадқиқотчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илмий-маданий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Шунингдек, минтақа халқларининг тарихий муносабатларини, ривожланиш босқичларини, илмий-маданий меросини келажак авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.

Минтақанинг ёш етакчилари марказдаги ҳар бир тарихий, илмий мерос билан яқиндан танишар экан, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини алоҳида эътироф этди. Ушбу марказ тарих, бугун ва келажак авлодлар учун муҳим маърифий, илмий даргоҳ сифатида алоҳида ўрин тутишини айтиб ўтди.
М.Комилова,
ЎзА