Наманганда камондан ўқ отиш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” мажмуасида камондан ўқ отиш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Олти кун давом этган мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 200 дан ортиқ ёш спортчи ғолиблик учун беллашди. Иштирокчилар ўз маҳорати, аниқлиги ва эпчиллигини намоён этиб, юқори натижалар учун куч синашди.
Мазкур чемпионат ёшлар ўртасида камондан ўқ отиш спорт турини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларнинг малакасини оширишга хизмат қилди. Шу билан бирга, мусобақа ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларни интизом ва матонат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Беллашувлар 4 та йўналиш бўйича ўтказилди. Умумий натижаларга кўра, биринчи ўринни Фарғона вилояти, иккинчи ўринни Тошкент шаҳри, учинчи ўринни Навоий вилояти жамоалари эгаллади.
[gallery-28933]
Жамоавий беллашувларда ўсмирлар ўртасида Фарғона вилояти спортчилари биринчи, Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятлари жамоалари эса иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда ҳам Фарғона вилояти жамоаси ғолиб бўлди. Кейинги ўринлар Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА