“Бир контур — бир маҳсулот” тараққиёт драйвери
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларни аниқ ихтисослаштириш ҳамда иқтисодий натижадорликни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Жорий этилган “бир контур — бир маҳсулот” тамойили эса туман қишлоқ хўжалигида янги босқични бошлаб берди.
Бу тизим нафақат ердан самарали фойдаланишни таъминламоқда, балки деҳқончилик маданиятини ошириб, ҳар бир контурда аниқ маҳсулот турини мақсадли етиштириш орқали барқарор даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
– Айниқса, “бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида қовунчиликни йўлга қўйиш бугунги кунда туман аграр соҳасида янги имкониятлар эшигини очди, – дейди Оқолтин тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Матчонов.

Маълумотларга кўра, туманда 3114 нафар ишсиз фуқарога ижара асосида 1403,8 гектар ер майдони ажратилган. 2026 йилда ушбу ерларнинг 737,0 гектарида “бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида полиз экинлари, хусусан, қовун етиштириш режалаштирилган бўлса, амалда бу кўрсаткич 755,0 гектарни ташкил этмоқда. Ҳозирги кунда майдонларда қовуннинг эртапишар “оби новвот”, “чиллаки”, “оқ уруғ” ва бошқа навлар уста деҳқонлар тавсияси асосида парвариш қилинмоқда.
Ҳар бир контурда агротехник талабларга қатъий риоя этилиши, томчилатиб суғориш ва замонавий парвариш усулларининг жорий этилиши ҳосилдорликни сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда.

Мисол учун, Янги ҳаёт маҳалласидаги 1057-контурда жойлашган 85 та лотдан иборат 42,5 гектар майдонда қовун тўлиқ плёнка остида экилиб, агротехник меъёрлар асосида парвариш қилинмоқда. Шунингдек, Мустақиллик маҳалласидаги 1197-контурда 83 та лотдан иборат 41,6 гектар ер майдонида ҳам қовун экиш ишлари якунланиб, ҳозир биринчи ўғитлаш олиб борилмоқда.
2025 йил бошида туманда 800 нафар ёшга 400 гектар унумдор ва сув таъминоти барқарор бўлган ер майдонлари ажратиб берилган. Натижада ёшлар нафақат иш билан таъминланмоқда, балки деҳқончилик орқали мустақил даромад олиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

– Ўтган йилги меҳнатимиз ўз самарасини берди. Қовун етиштириш орқали даромадли оилалар қаторига қўшилдик. Энг муҳими, доимий иш билан таъминландик. Бунинг учун, аввало, Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, – дейди Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Отабек Маматисаев.
Яна бир намуна: Камолиддин Хонтўраев 50 сотих ер майдонида қовун етиштириб, ўтган мавсумда қарийб 80 миллион сўм даромад олган. Унинг айтишича, маҳсулотни тўғридан-тўғри харидорга етказиш орқали бозор излашга эҳтиёж қолмаган.
– Ўтган йили “бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида ажратилган ерда қовун етиштирдик. Ҳар бир тупдан ўртача 150–170 дона ҳосил олдик. Донаси 9 500–12 000 сўмдан сотилди. Асосийси, меҳнатимиз ва давлат томонидан кўрсатилган қўллаб-қувватлаш ўз натижасини берди. Бу йил фаолиятимни янада кенгайтиришни режалаштирганман, – дейди у.

Томорқа ва кичик ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳам аҳоли даромадини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Янги Тошкент маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳасан Тиловов имтиёзли кредит асосида 8 сотихлик иссиқхона ташкил этиб, бир мавсумда бир неча марта ҳосил олишга эришган.
Ҳозир иссиқхонада иккинчи экин сифатида бодринг етиштирилиб, кунора 80–100 килограммгача маҳсулот олинмоқда. Тадбиркор умумий даромадни 100 миллион сўмдан оширишни мақсад қилган.
– Иссиқхонанинг афзаллиги шундаки, маҳсулотни эрта бозорга чиқарасиз ва юқори нархда сотиб, меҳнат самарасини кўрасиз. Илгари олинган даромад ҳисобидан иситиш тизимини ҳам янгиладик. Мақсадимиз — йилига уч марта ҳосил олиб, даромадни янада ошириш, – дейди Ҳасан Тиловов.

Оқолтин туманида шакллантирилаётган ушбу тажриба “бир контур — бир маҳсулот” тамойилининг амалда ўзини оқлаётганини кўрсатмоқда. У нафақат аграр соҳада самарадорликни оширмоқда, балки аҳоли бандлиги, даромадлар барқарорлиги ва қишлоқ хўжалигида бозор тамойилларининг мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири